Спорт | 17:03 / 22.03.2023
26437
1 дақиқада ўқилади

Месут Ўзил футболчилик фаолиятини якунлади

Германия миллий жамоаси собиқ футболчиси Месут Ўзил футболчилик фаолиятини якунлаганини расман эълон қилди. У бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилган.

Фото: Getty Images

34 ёшли яримҳимоячи жорий йилги мавсумни Туркиянинг «Истанбул Бешакшеҳир» клубида ўтказаётган эди. Ўзил клуби сафида бу мавсум бор-йўғи 5 ўйинда майдонга тушганди.

Германиялик футболчи 8 йиллик фаолиятидан кейин 2021 йил «Арсенал» билан хайрлашгач, сўнгги икки мавсумни «Фенербахче» ва «Истанбул Бешакшеҳир» клубларида ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзил 2014 йил Германия миллий жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлганди. ЖЧ-2010да эса бронза медалига эга чиққан. У «Шальке», «Вердер», «Реал» клублари сафида ҳам тўп сурган.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид