Жаҳон | 15:42 / 19.12.2018
19759
2 дақиқада ўқилади

Курил оролларига Россия ҳарбийлари жойлаштирилмоқда. Япония бунга норозилик билдирди

Фото: Стрингер / РИА Новости

Япония Курилнинг Итуруп ва Кунашир оролларида россиялик ҳарбийлар учун казармалар қурилишига нисбатан норозилик билдирди. Бу ҳақда Япония вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёсихидэ Сугуга таяниб The Mainichi газетаси хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда томонлар ҳудудий баҳс туфайли тўхтаб қолган тинчлик шартномаси бўйича музокараларни тезлаштириш устида иш олиб бормоқда.

ТАСС хабарига кўра, 2018 йил охирига қадар Итуруп ва Кунашир оролларидаги ҳарбийлар ётоқхоналарига аскарлар жойлаштирилади. Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи полковник Александр Гордеевнинг қайд этишича, 2019 йилда Итурупда яна иккита ва Кунаширда битта ётоқхона қурилади.

Иккинчи жаҳон уруши якунланганидан сўнг Москва ва Токио ўртасида тинчлик шартномаси тузилмаган. Бунга Курил жанубидаги Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи ороллари бўйича баҳснинг ҳал этилмагани сабаб бўлган.

Япония Жанубий Курил оролларини ўзининг шимолий ҳудуди деб ҳисоблайди ва уларнинг Россияга тегишли эканини тан олмай келади. Москва эса ҳудудий баҳс мавжудлигини тан олмайди.

Мавзуга оид