Жамият | 17:32 / 10.01.2019
16080
5 дақиқада ўқилади

Ёнғин хавфсизлиги институтида «Темур тузуклари»га бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди

2019 йилнинг 9 январь куни “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти ҳамкорлигида “Олий ҳарбий таълим муассасалари тингловчи ва курсантларида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашда “Темур тузуклари”нинг аҳамияти”га бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Ўзбекистон Қуролли Кучлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати институти, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техника институти, Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети, Тошкент Тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети, Ёнғин хавфсизлиги институтининг курсантлари ва тингловчилари ҳамда Тошкент шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари иштирок этди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев ёшларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, ватанпарварлик юксак маънавий-ахлоқий қадрият эканлигини тушунтириш муҳим вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди. Бу борада Амир Темур сиймоси, мазмун-моҳияти билан қомусий руҳни ўзида мужассам этган “Темур тузуклари” ғояларининг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти бошлиғи, полковник Нуриддин Нарматов Ватан ҳимоясида турмоқ, унинг тинчлиги, осойишталиги, осудалиги учун хизмат қилмоқ энг шарафли ва муқаддас бурч эканлиги, Ватанни ҳар жиҳатдан етук, баркамол, билим савияси юқори ва албатта маънавияти, маърифати юксак шаклланган, ўз юрти, халқи, миллатининг ўтмиши, тарихи, маънавият илдизларини чуқур билган, англаган фарзандларгина муносиб ҳимоя қила олишини тарих кўп бор исбот этганлигига алоҳида тўхталди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори – Бахтиёр Ҳасанов, Темурийлар тарихи давлат музейи директори – Хуршид Файзиев, Амир Темур илмий экспедицияси раҳбари – Фахриддинхўжа Ашрафхўжаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Ҳайитлар сўзга чиқиб, тарихий манба сифатида “Темур тузуклари”нинг ёшларда, хусусан олий ҳарбий таълим муассасалари тингловчи ва курсантларида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашдаги тарбиявий ва маърифий аҳамияти ҳақида сўз юритишди.

Анжуманда Буюк Амир Темур замондошлари томонидан ёзиб қолдирилган “Темур тузуклари” китобида соҳибқироннинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги бой тажрибаси ёшлар қалбида ғурур уйғотиб, уларни чинакам инсон қилиб етиштиришда, қўрқмас ва довюрак, ақлли ва ватанпарвар сифатида тарбиялашда бебаҳо манба вазифасини бажариши тўғрисида маълумотлар мисоллар орқали тушунтириб берилди.

- Буюк давлат арбоби Амир Темур ўзининг ўткир ақл-заковати, ноёб етакчилик қобилияти, ҳарбий маҳорати билан жаҳон тарихида муносиб ўрин тутади. Саркарданинг ҳаёт йўли, давлат бошқаруви, ўз фаолияти давомида эришган муваффақиятлари бир қатор тарихий асарларда, жумладан “Темур тузуклари” китобида ҳам яққол акс этган, - дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти 5-курс курсанти Даврон Сулаймонов.

Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминовнинг иштироки, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган саҳна асарларидан монологлар ҳамда ижод намуналари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Анжуман якунида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг маънавий-маърифий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ёшлар маънавияти, маданияти ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда “Темур тузуклари” ғояларидан ҳар томонлама фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига биноан таълим муассасаларида Ўзбекистон тарихи ва “Темур тузуклари”ни ўрганиш тизимини такомиллаштиришга оид тавсиялар ишлаб чиқилди.

- Амир Темур ўз давлатини ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора қилган. Унинг “Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим” деган сўзлари юқоридаги фикримизнинг далилидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти 3-курс курсанти Нурисломбек Тешабоев. — Темур дўст-душманни фарқлашда ақл билан иш юритишни таъкидлайди. Шу сабабли унинг мард, жасур ва моҳир лашкарбошилари кўп бўлган. 

Шунингдек, тадбир доирасида Институтнинг иқтидорли курсантлари томонидан яратилган ихтиролар ва инновацион ишланмалар, Ёнғин ўчириш амалий спорти намойиши ҳамда китоб ярмаркаси ташкил этилди.

Мавзуга оид