Ўзбекистон | 08:44 / 15.01.2019
32518
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Давлат рақобат қўмитаси нега тугатилганини маълум қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, бир давлат органи доирасида давлат активларини бошқариш, монополияга қарши ҳамда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш функцияларининг жамланиши тизимли муаммоларнинг тўпланишига олиб келган.

Шу жумладан:

биринчидан, устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналарнинг (давлат иштирокидаги корхоналар) кундалик хўжалик фаолиятига давлат органлари аралашувининг юқори даражадалиги, бозор тенденцияларига мослашувчанлик ва сезувчанликнинг йўқлиги, давлат иштирокидаги корхоналарнинг солиқ ва божхона, шу жумладан, якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган имтиёзларга ҳаддан ташқари боғлиқлиги;

иккинчидан, стратегик режалаштириш, хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва бошқариш тизимининг йўқлиги, шу жумладан, ишлаб чиқаришнинг паст техник даражаси, кўплаб ихтисосликка кирмайдиган активлар мавжудлиги, молиявий ресурсларнинг ишлаб чиқаришга тааллуқли бўлмаган мақсадларга йўналтирилиши сабабли давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестициявий жозибадорлиги пастлиги;

учинчидан, давлат активларини ҳисобга олишнинг тартибли тизими йўқлиги, хусусийлаштириш жараёнларини бошқариш самарадорлигининг пастлиги, фаолият кўрсатмаётган корхоналар ва бўш ётган объектларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш учун институционал салоҳиятнинг кучсизлиги;

тўртинчидан, монополияга қарши қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бўйича ўз вақтида ва самарали текширувлар ўтказиш учун ваколатли органда ҳуқуқлар ва институционал потенциалнинг етарли эмаслиги;

бешинчидан, монополияга қарши курашишни тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг халқаро стандартлар ва бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тизимининг йўқлиги ҳамда товар ва молия бозорларини таҳлил қилишнинг эскирган усуллари;

олтинчидан, хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олишга доир корпоратив стандартларни (монополияга қарши комплаенс) жорий этиш бўйича тизимли ишларнинг, монополияга қарши курашишни тартибга солиш, рақобат ҳуқуқи ва сиёсати, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида кадрларни тайёрлашнинг барқарор тизими йўқлиги;

еттинчидан, мамлакат капитал бозорининг ҳозирги ҳолати иқтисодиётнинг реал секторига узоқ муддатли ва тўғридан-тўғри, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича мавжуд имконият ва салоҳиятдан фойдаланишга имкон бермаяпти, кўзланган ислоҳотларни самарали амалга ошириш ва республикани жадаллик билан инновацион ривожлантиришга тўсиқ бўлмоқда.

Мавзуга оид