Ўзбекистон | 17:11 / 17.01.2019
10478
2 дақиқада ўқилади

Энди «кириш» йиғимини виртуал терминаллар орқали тўлаш мумкин

Фото: KUN.UZ

Марказий банк Бошқаруви ва Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланган қарор билан Хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ҳамда транзит ўтиши учун йиғимларни ундириш тартиби тўғрисидаги низомга тузатишлар киритилди. Бу ҳақда Norma ёзмоқда.

Эслатиб ўтамиз, хорижий давлатлар автотранспортининг мамлакатимиз ҳудудига кирганлиги ҳамда транзит ўтиши учун йиғимлар тегишли божхона постларида ташкил қилинган тижорат банкларининг махсус кассаларига тўланади.

2019 йилги йиғимларнинг ставкалари президентнинг 26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарори билан тасдиқланган. Тўловлар нақд пулсиз ва нақд шаклда амалга оширилиши мумкин.  

Низомга киритилган қўшимчалар билан банк карталари ва виртуал терминаллар (Е-РOS) орқали амалга ошириладиган тўловларни тасдиқлаш механизми белгиланди.

Маълумот учун: виртуал терминаллар (Е-РOS) банк пластик картасини амалда қўлламай (масалан, мобил иловалар, виртуал банк карталари воситасида) товарлар, ишлар ва хизматлар учун электрон тўловларни амалга ошириш имконини беради. Улар шунга ўхшаш назорат-касса машиналари ва ҳисоб-китоб терминалларига тенглаштирилади.

Тўловлар банк карталари орқали қабул қилинганда тўловчига тўлов тўланганлиги ҳақидаги квитанция билан бирга электрон слип (квитанция)нинг бир қисми берилади, унинг бошқа қисми кассада қолади. 

Автотранспорт эгаси йиғимни виртуал терминаллар ёки бошқа электрон тўлов воситалари орқали тўласа, электрон чек ёки тўлов амалга оширилганини тасдиқловчи бошқа электрон ҳужжат олади.

Ҳужжат 15.01.2019 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид