Кетмонов: «Вазирлик ва идоралар қонунни ўзига мослаштириб олган»
Халқ демократик партияси матбуот анжуманида партия раҳбари Хотамжон Кетмонов илгари вазирлик ва идоралар қонунларни ўзига мослаштириб олганини таъкидлади, дея ёзилади «Ишонч» газетасида.
Газетада Кетмоновнинг қонунлар ҳақидаги қуйидаги фикрлари келтирилган:
«Битта қонун қабул қилинса, унга қўшимча 10-15 қонуности ҳужжати ишлаб чиқилар, натижада қонун ижросида чалкашликлар юзага келарди. Шуни инобатга олиб, қўмита, фракция ва палаталарда қайси қонунлар ишлаётгани аниқланмоқда. Давлатимиз раҳбари талабига биноан қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган қилиш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланишига ҳаракат қиляпмиз. Қонунлар халқчил ва содда бўлиши кераклиги ҳақида илгари ҳам кўп гапириларди, лекин барибир ишламайдиган қонунларни қабул қилиш давом этган», – деб унинг сўзлари келтирилган.
Хабар муаллифи Маҳлиё Умрзоқованинг ёзишича, Кетмонов ХДП ўзини парламентда мухолифат сифатида эълон қилганлиги, ушбу тушунчадан келиб чиққан ҳолда фракция «Адолат», «Миллий тикланиш» ёки ЎзЛиДеп билан ҳамкорликда эмас, балки ўзининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда иш юритишини таъкидлаган.
Лекин бу мухолифатнинг айнан нимада намоён бўлиши ҳақидаги савол очиқ қолди, деб ёзади журналист.
Партия нашри бўлган «Ўзбекистон овози»нинг бор-йўғи 4600 нусхада чоп этилаётганлиги, «Голос Узбекистана» эса ёпилиш арафасида эканлиги, бунинг асосий сабаби Кетмоновнинг таҳририят билан келиша олмаётганлиги эканлиги ҳақидаги гап-сўзлар юзасидан саволга раҳбар шундай жавоб беради:
– Агар шундай ҳолат бўлганида мазкур тадбирга партия нашри вакилларининг иштирок этишига йўл қўймаган бўлар эдик. Гувоҳи бўлиб турибсиз, улар шу ерда. Илгари ҳудудий кенгашларни «шунчадан обуна қиласан», деб мажбурлар эдик. Энди бу тизимдан воз кечдик. Партиядошларимизни ўз ихтиёри билан обуна бўлишга қўйиб бердик.
Таъкидлаш жоизки, ХДПнинг барча ташкилотларида қарийб икки ярим минг нафар киши ишлайди. Бундан ташқари, 450 минг нафардан зиёд аъзоларимиз, яъни хайрихоҳларимиз бор. Биз уларни газетага обуна бўлишга мажбурлай олмаймиз. Албатта, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарининг обуна масаласи ҳали йил давомида кўрилади, қўшма қарорлар чиқади ва қайта таҳлил қилиниб, имконият даражасида нашрларимизга амалий ёрдам берамиз, – дейди у.
Мавзуга оид
09:59 / 13.11.2024
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
15:01 / 05.11.2024
Ню-Йоркда пиёдаларга йўлнинг исталган жойидан исталган вақтда кесиб ўтишга рухсат берилди
17:49 / 23.10.2024
Сенат янги таҳрирдаги “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
18:34 / 04.10.2024