Ўзбекистон | 17:06 / 05.03.2019
6501
2 дақиқада ўқилади

Давлат сирларининг муайян рўйхатини шакллантириш таклиф этилди 

«Адвокат» журнали бош муҳаррири томонидан давлат сирларининг аниқ рўйхатини шакллантириш бўйича таклиф билдирилди. Унга кўра, «давлат сирлари деганда, айнан қайси ахборотларнинг назарда тутилиши мавҳум» ва бу журналистлар учун ноқулайлик пайдо қилади.

5 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида журналистика соҳасига оид ҳуқуқий-норматив актларга ўзгартириш киритиш орқали уларни такомиллаштириш бўйича давра суҳбати муҳокамалари бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда иштирок этаётган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, журналист маълумот олиш учун ташкилотларга мурожаат қилганда, турли важлар билан сўров рад этилиши маълум қилинган.

«Баъзи масалалар бўйича маълумот олиш учун ташкилотларга мурожаат қилганимизда, «бу ахборот фақат идоравий фойдаланиш учун, оммалаштирилмайди», деган гаплар, ҳатто «бу давлат сири», деган жавобларни ҳам эшитамиз. Бундай вазиятда журналист нима қила олади?», — деб даврага савол ташлаган «Адвокат» журнали бош муҳаррири Нурбек Тошниёз.

Шу туфайли, журнал бош муҳаррири давлат сири тушунчасига аниқ изоҳ бериб, рўйхатни шакллантиришни таклиф қилди. 

Амалда шундай ҳолат юқори лавозимда ишлаган собиқ амалдорларга нисбатан олиб борилаётган тергов, суд ишларида юз беради. Шунингдек, Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий параметрлари, айрим рақамлар ҳанузгача сир сақланади. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Молия вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон олтин захираси тўғрисидаги маълумотлар тез кунларда эълон қилинишини маълум қилганди. Унинг айтишича, Ўзбекистон очиқ жамият шароитида яшашни ўрганмоқда. 

«Ҳукумат барча блокларда, хусусан иқтисодиёт блоки ҳақида гап кетганда, доимий равишда ҳамма маълумотларни очиқ-ойдин эълон қилиш тартибига ўтди. Ҳозирча беркитилган ҳеч нима қолмади», —деган у.

Мавзуга оид