Жаҳон | 22:02 / 06.03.2019
20813
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея 6 кундан бери смог билан қопланган, фавқулодда чоралар кўрилмоқда 

Photo : YONHAP News

Жанубий Кореянинг катта қисми ҳозирда смог билан қопланган бўлиб, экологик вазиятни яхшилашга қаратилган фавқулодда чоралар 6 кундан бери амал қилаётганига қарамай, ҳозирча самарасини бермаяпти. Нормал вазият фақатгина икки шаҳар – Пусан ва Улсанда сақланиб қолмоқда.

Сеул ва унинг атрофидаги ҳудудда чиқинди газларини чиқарувчи 5-даражали автотранспортни қўллашга чеклов киритилган. Фуқаролар жамоат транспортидан фойдаланишга чақирилмоқдалар. Сеулда давлат муассасалари ҳудудидаги 441 та жамоат атотураргоҳи ёпилган. Иссиқлик электр станциялари қуввати 80 фоиздан ошмаган ҳолда ишламоқда.    

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин микрочанг муаммосини ҳал қилиш бўйича фавқулодда чоралар Хитой билан биргаликда ишлаб чиқилишини айтган. Унинг айтишича, гап биринчи навбатда смогнинг юқори миқдорида биргаликдаги чораларни қабул қилиш ҳақида бориши лозим. Президент, шунингдек, Хитой билан биргаликда Сариқ денгиз устида сунъий ёмғир ҳосил қилиш лойиҳасини амалга ошириш топшириғини берган.  

Хитой бу соҳада илғор технологияларга эгалиги билан маълум. Жанубий Корея президентининг айтишича, биргаликдаги ҳаракатлар Жанубий Кореядаги чанг булутлари Шанхай томон йўналаётганини таъкидлаётган Хитой учун ҳам фойдали бўлади.

Маълум қилинишича, мамлакатда 2018 йилда микрочангнинг ўртача миқдори бир кубметрга 24 микорграммни ташкил қилган.

Ҳозирда бу борада энг ёмон вазият Бангладешда кузатилиб, у ерда микрочангнинг ўртача миқдори бир кубметрга 97,1 микрограммни ташкил қилади. Кейинги ўринларни Покистон, Ҳиндистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа давлатлари эгалламоқда. 

Жанубий Осиё давлатларидаги бундай нохуш кўрсаткичлар автотранспорт чиқинди газлари ва бошқа омиллар билан, Шарқий Осиёда эса энергетикада катта ҳажмда кўмир ишлатилиши билан боғланган.

Мавзуга оид