Конституцияга ўзгартишлар ва қўшимча киритилди
Ўзбекистон Республикаси президенти “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда ЎзА.
Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 26 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган.
Ҳужжат билан 1992 йил 8 декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилди:
79-модданинг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мутлақ ваколатлари) 4-банди қуйидаги мазмундаги 4 ва 5-бандлар билан алмаштирилди:
«4) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлатнинг ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш;
5) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кейинчалик уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимларга тасдиқлаш учун кўриб чиқиш ва маъқуллаш киради».
93-модда (Ўзбекистон Республикасининг президенти) биринчи қисмининг 11-банди (Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади) қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«11) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади».
98-модданинг (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади) ўн биринчи қисмидаги «бош вазир» деган сўзлар «бош вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Мавзуга оид
09:59 / 13.11.2024
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
15:01 / 05.11.2024
Ню-Йоркда пиёдаларга йўлнинг исталган жойидан исталган вақтда кесиб ўтишга рухсат берилди
17:49 / 23.10.2024
Сенат янги таҳрирдаги “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
18:34 / 04.10.2024