Жамият | 10:00 / 19.03.2019
39870
3 дақиқада ўқилади

Ҳарбий прокуратура қўмондон буйруғини бекор қилдирди

Ҳар қандай соҳада баъзан кичик бир воқеа ёки тушунмовчилик сабаб бўлиб бир инсон тақдири ҳал бўлиб кетиши, ўз севган касбидан бир умрга четлатилиши ҳам мумкин. Бу ҳолатдан ҳарбий соҳа ҳам мустасно эмас. Фарқи шундаки, ҳарбий хизматчилар камдан-кам ҳолатларда ҳуқуқларини тиклаш учун мурожаат қилишади. Ҳарбий прокуратура ана шу ҳолат бўйича яқинда бир масалани ўрганиб охирига етди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, ҳарбий хизматчи Б.Б. ўзига бириктирилган ҳарбий машинада кетаётганида машинада носозлик юзага келади. Уни бартараф этиш учун эса маълум манзилга бориб, керакли жиҳозларни олиш керак бўлади, машина эса юрмайди.

Ҳарбий хизматчи ноилож, қуролдоши А.А.дан унинг шахсий машинасида эҳтиёт қисмлар олиб келишни илтимос қилади, бензинни ҳам ўзи топиб беришини айтади ва юк машинадан бензин олиб бераётганида ҳарбий комендант воқеага гувоҳ бўлади.

Орадан бир неча кун ўтиб ана шу воқеа асос қилиб олиниб, икки ҳарбий хизматчининг ҳам шартномаси бекор қилиниб, улар захирага бўшатилади.

Юқоридаги ҳолат бўйича тўлиқ суриштирув ўтказилмагани, ҳарбий хизматчилар ҳарбий қўмондон қабулига киришга ҳаракат қилиб, бунга эриша олмагани учун аслида нима бўлгани юзага чиқмай қолади.

Самарқанд ҳарбий прокуратураси томонидан мазкур иш тўлиқ ўрганиб чиқилди. Терговга қадар текширув ўтказилди, нима учун носозлик юзага келганида низомга амал қилинмагани, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа барча ҳолатлар таҳлил қилинди.

Ниҳоят, суд муҳокамасида ҳар икки ҳарбий хизматчи хизмат фаолияти давомида ҳарбий қисмга тегишли бўлган автомашинанинг техник носозлигини бартараф этиш мақсадида шундай йўл тутишгани, чиндан ҳам ўша куни автомашина техник носоз ҳолатда бўлгани ўз тасдиғини топди. Маълум бўлишича, юқоридаги ҳарбий хизматчилар шу воқеа рўй берган кунгача бирор марта интизомий жазо ҳам олмагани, ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан ижобий тавсифлангани ҳам эътиборга олинди.

Суд ҳарбий хизматчилар Б.Б. ва А.А.нинг хизматга қайта тиклаш тўғрисидаги аризасини қаноатлантирди.

Мавзуга оид