Жаҳон | 20:37 / 01.04.2019
7863
1 дақиқада ўқилади

Хитойдаги ўрмон ёнғинида 30 ўт ўчирувчи ҳалок бўлди

Хитойнинг жануби-ғарбида жойлашган Сичуань вилоятидаги ўрмон ёнғинида 30 ўт ўчирувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Хитой ўт ўчириш бошқармаси хабарида айтилган.

Барча ҳалок бўлганлар 30 март куни Ялунцзян аҳоли пункти яқинида юзага келган ёнғинни ўчиришда иштирок этган. Ҳалок бўлган ўт ўчирувчилардан 3 нафари маҳаллий ўт ўчириш бўлими ходимлари, қолган 27 нафари ўрмон ёнғинларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ихтисослашган гуруҳ аъзолари бўлган. 

Аввалроқ 3800 метр баландликдаги ёнғинни ўчириш вақтида 30 киши бедарак йўқолгани маълум қилинган. Таъкидланишича, улар кучли шамол сабабли олов тезлашиб кетгани ва йўналишини ўзгартиргандан кейин олов исканжасида қолишган. Ўт ўчирувчиларнинг тақдири ҳақида айни вақтгача ҳеч нарса маълум бўлмаган. Ўт ўчирувчиларни қидириш бўйича икки кунлик операциядан кейин уларнинг барчаси ҳалок бўлган деб тан олинган.

Ёнғинга қарши курашга 690 киши йўналтирилган. Олов билан кураш давом этмоқда. 

Мавзуга оид