Жамият | 22:00 / 02.04.2019
5429
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сохта дори воситаларини фош қилувчи мобил илова ишга туширилиши кутилмоқда

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси

Ўзбекистонда беморларга оригинал маҳсулотни сохтасидан ажратишга ёрдам берувчи мобил илова ишлаб чиқилади, Британия компанияси билан шу ҳақидаги музокаралар олиб борилмоқда. Республика Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизмати Kun.uz'га шу ҳақида хабар берди.

Бундай тизим тамойили кўпчиликка таниш: телефонни маҳсулот штрих кодига яқинлаштириб, ишлаб чиқарувчи, препаратнинг сертификация ва яроқлилик санасига оид маълумотни олиш мумкин. Агар маълумот чиқмаса, демак, кўз олдингизда сохта препаратдир.

Шубҳасиз, тизим барча учун муҳим, бироқ уни жорий қилиш – анча тайёргарлик ва харажатларни талаб қилади. Айни дамда Буюк Британиянинг Crown Agents компанияси билан музокаралар бошланғич босқичда, бироқ уларни татбиқ этиш сурати ижобий кайфият бағишлайди.

Ўзбекистон-Британия савдо ва саноат кенгашининг февраль ойи охиридаги 24-йиғилиши доирасида Crown Agents ўз таклифи билан чиқди. Миллий палата ва компания вакиллари ўртасида музокаралар ўтказилган, уларнинг натижаси сифатида Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси Равшан Изамов ва Crown Agents Limited'нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Ольга Сильвестрова ўртасида Англашув меморандуми имзоланган.

27-28 март кунлари эса Crown Agents компанияси вакилларининг Тошкент шаҳрида Миллий палата, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги каби манфаатдор томонлар билан иккинчи учрашуви ўтказилди.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси

"Биз Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзоладик ва фаол ҳамкорликни бошлаганимиздан хурсандмиз. Зеро меморандумни имзолаш маросимидан бор-йўғи 3 ҳафта ўтди ва биз яна учувчи лойиҳа билан боғлиқ техник масалаларни муҳокама қилиш учун Тошкентдамиз", - деди Crown Agents'нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Лариса Кокарева.

Унинг сўзларига кўра, инновацион тизим биринчи навбатда тиббий препаратларни кузатиш имконини беради. Бугунги кунда БААда шундай тизим қўлланмоқда. Ўзбекистон ҳам мазкур тизимга эга бўлувчи илк мамлакатлардан бири бўлиши мумкин. Мутахассиснинг таъкидлашича, бу лойиҳа Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш ва тиббиётда рақамли технологияларни жорий қилишда катта қадам бўлиб хизмат қилади.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси

Маълумот учун: Crown Agents 185 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритиб келмоқда. Ўз фаолиятининг аксарият қисмида у Буюк Британия ҳукуматининг давлат департаменти ҳисобланади. 1997 йилда компания қисман приватизация қилинган, ҳозирда у тўлиқ Crown Agents Фондига тегишли. Мазкур Фонд нотижорат ташкилот бўлиб, ижтимоий йўналиш олган. Бугунга келиб Crown Agents - соғлиқни сақлаш соҳасида кўп ишловчи консультацион компания. Бундан ташқари, у давлат секторида солиқ, божхона, давлат харидлари каби соҳаларда ислоҳотлар масалалари бўйича катта лойиҳаларга эга.

Мавзуга оид