Ўзбекистон | 08:49 / 06.04.2019
42846
4 дақиқада ўқилади

Президент видеоселекторидан кейин Солиқ қўмитасида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Давлат солиқ қўмитасида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселекторда белгиланган устувор вазифалар ижросига бағишланган навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда ДСҚ марказий аппарати шахсий таркиби ва пойтахтдаги туман инспекциялари раҳбарлари, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ва туман ҳокимлари ўринбосарлари иштирок этди.

Маълумки, президент бюджет даромадлари прогнозини бажармаган Тошкент шаҳрининг еттита тумани инспекциялари раҳбарлари ишини кескин танқид қилган эди.

Таъкидланганидек, солиқ тўловчилар Тошкент шаҳар солиқ органларининг иши ва хатти-ҳаракатларидаги ижобий ўзгаришларни ҳали сезмаяпти. Солиқ қонунчилигига риоя этиш бўйича профилактик тадбирлар ва тушунтириш ишларини амалга ошириш ўрнига, айрим ходимлар қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга солиқ тўловларини тўламасликнинг айланма йўлларини таклиф қилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан фаолияти танқид қилинган Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Сергели, Юнусобод, Бектемир ва Шайхонтоҳур туманлари инспекциялари бошлиқларининг ўз лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги Давлат солиқ қўмитасининг буйруғи эълон қилинди.

Йиғилишда Тошкент шаҳри давлат солиқ хизмати органларининг ходимлар таркибини зудлик билан қайта кўриб чиқиш, уларнинг лавозимига лаёқатлилиги даражасини баҳолаш, хизмат ваколатидан четга чиққан ҳолатлар аниқланган тақдирда, меҳнат шартномасини бекор қилиш зарурлиги қайд этилди.

Айнан бу йўналишда иш олиб бориш учун махсус ишчи комиссияси тузилиб, тизимга замонавий дунёқарашга эга, ўз ишига масъулиятли ёш мутахассисларни жалб қилиш вазифа қилиб қўйилди. Солиқ органларига ошкора танлов асосида ишга қабул қилиш ва улар учун касбий кўникмаларга эга бўлишларига махсус дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда, камерал назорати, хронометраж кўздан кечириш, паспортлаштириш, экспресс-ўрганиш каби солиқ назорати усулларини самарасиз фойдаланилаётганлиги, жумладан, кунлик нақд пул тушумига эга автотураргоҳлар, транспорт хизмати кўрсатиш муассасалари, йирик савдо комплексларини ижарага бериб, даромад олаётган мулк эгаларининг даромади солиққа тортилмаётганлигига жиддий эътироз билдирилиб, бу соҳаларда солиқларни йиғувчанлигини ошириш вазифалари белгилаб берилди, дейилади хабарда.

Солиқ органларида коррупцияни бартараф этиш учун имкон қадар инсон омилидан воз кечиш, ҳужжатларни қоғоз шаклидан электрон кўринишга ўтказиш ва бу ўз навбатида тадбиркорларнинг вақти ҳамда сарф-харажатларини камайтиришга олиб келиши таъкидланган.

“Энг муҳими, янги солиқ ислоҳотларини жорий этилиши асносида тадбиркорлар томонидан ҳисоботларни тўлдиришда айрим хатоликларнинг учраши табиийлиги ва бундай ҳолатда, уларнинг жавобгарликларини белгилашдан олдин етакчи хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, хатосини тўғрилаш имкониятини бериш амалиётидан фойдаланиладиган бўлди.

Йиғилиш якунида солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда ҳар томонлама ёрдам бериш ва уларнинг ишончли ҳамкорига айланиш асосий вазифа қилиб қўйилди”, - дейилган ахборотда.

Бундан олдин, пойтахтнинг 7та туманида бош солиқчилар ишдан олингани, шунингдек, Тошкент шаҳридаги ҳокимлар жиддий огоҳлантирилгани хабар берилганди.

Мавзуга оид