Жамият | 17:03 / 06.04.2019
33185
8 дақиқада ўқилади

«Қатл этилган дарахтлар». Сирдарёда мевали дарахтлар кўкаришга кирмай пайҳон қилинди

Халқимизда «Бир йил кейинни ғамини есанг дон, ўн йил нарини ўйласанг дарахт эк» деган нақл бор. Азалдан дарахт экиш аждодларимиз учун бир қадрият бўлиб келган. Уларни пайҳон қилиш эса қаттиқ қораланган.

Навбатдаги мурожаат Сирдарё вилояти, Боёвут тумани, «Т.Латипов» СИУдан бўлди. Мурожаатда айтилишича, ушбу мавзеда кўплаб фуқаролар фойдаланиб келган мевали дарахтлардан иборат 17 гектарли боғ пайҳон этилган.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Ҳудудда бизни бир гуруҳ ёши улуғ боғбонлар кутиб олишди. Уларнинг шикоят сўзлари қуйидагича бўлди.

«Бу ерда 5-6 йилдан бери боғ қилаётган эдик. Ўзим анча вақтдан бери гилос етиштираман. Ўтган йили ўз жойимдан 150 килограмм гилос ҳосили олганман. Бу йил 300 килограммга яқин ҳосил чамалаётгандик. Ҳеч кимдан сўрамай, ҳеч кимни огоҳлантирмасдан тракторлар билан киришда-да, боғимизни бузиб кетишди. Ҳокимиятда қанақадир қарор қабул қилинган бўлса, бир оғиз огоҳлантириш керак эмасмиди? Биздан сўрашса, декабрда ёки бошқа қулай вақтда бузишса майли дердик. Бузиб ташлайверадими? Ахир, бу ҳосил-ку?», дейди Эркин Мусулмонов.

«Бу жойларни вақтида ҳужжатлаштириб олгандик. Кейинроқ 1 гектар бўлмайди, 3 гектардан қиласизлар дейишди. Кейин бир киши зиммасига олса, қолганлар ёнида ижрочи боғбон бўлди. Боғ қилиб қараб юрар эдик. Энди эса дарахтларни гуллаган вақтида кесиб ташлашди. Пайҳон қилинган дарахтларни кўрсатишим ҳам мумкин.

Битта дарахтни кессак, экологиядан келиб 3-4 миллион сўм жарима қўяди. Бу ерда 4 минг тупга яқин кўчат бор. Битта дарахтни униб-ўстиришнинг ўзи бўлмайди. Энди оғзимиз мевага тегади деганда шартта бузди кетди. Бизнинг эртамиз борми-йўқми ҳали? Биздан боғ қолсин деб қилган эдик», дейди Маҳмуджон Рахматов.

«Бу жойимиз 17 гектар боғ эди. Бузамиз деб туриб олишди. 6 март кунидан олдинроқ прокуратурадан келиб – «Бу боғ ўзларингга қолди. Кўчатларинг бўлса уни қилинглар. Кейин бизга буғдой етиштириб берасизлар. Маълум миқдорда топширасизлар», дейишди. Хўп деб 1,5 миллион сўмдан харажат қилдик. 6 март куни эса бузиб ташлашди. Президентга раҳмат. Боғ қилинглар, ерига полиз экинларини экинглар деяпти. «Сизлар нега ундай қиласизлар» дедик. Кўкариб турган нарсани пайҳон қилиш – бир одамни ўлдирган билан баробар-ку? Менинг 300та кўчатим бор эди. Олма, ўрик кўчатлари эди», дейди афсус билан Пирмамат Холматов.

Пирмамат Холматов

«Ҳокимнинг олдига бордик. Ҳоким бандлиги сабабли ўринбосари билан кўришдик. У киши боғларимиз бу йил қолишини айтди. Президентимиз ишчи ўрни яратинглар деяпти. Бу ерда қанча одам ишларди?! Битта қиз етим болаларини боқаётган эди. Энди уларнинг барчасининг тақдири сўроқ остида қолмоқда», дейди мурожаатчилардан бири Лутфулла Жумаев.

Бузилган боғни кўрдик. Боғбонлар «Боғни экин майдонига айлантирса майли эди. Аммо бу мавсумда эмас бошқа вақт қилса бўлар эди-ку?», дея эътироз билдиришмоқда.

Айни табиат жонланган, новдалар кучга кирган вақтда бундай иш тутилиши ғалати.

Пайҳон қилинаётган боғларнинг ёнида йўқ қилиниши кутилаётган яна бир боғ бор экан. Ушбу боғнинг эгалари билан суҳбатлашдик.

«Мана шу бизнинг боғимиз бўлади. Мен ҳокимга бордим. Ҳокимни учрата олмадим. Кечқурун участка нозири келди. Бу ерни ҳам бузамиз дейишди. Оиламиз билан шу ерда меҳнат қилдик. 3 фарзандимнинг суяги шу ерда қотди. Битта фарзандингиз калтак еса, жонингиз оғрийдими?! Бу дарахтларни битта жойи синса бизнинг ҳам жонимиз оғрийди. Бу ерда экинлар экканмиз. Билмадим, бу ерни бузишга кимлар жавоб беради? Бирон нарса қилиш керак бўлса ўзимиз қилайлик. Бу гилосларимизни ўзимизнинг қишлоқдагилар ейди, эл-у юрт ейди. Картошкаларимни одамлар арзон нархда олишади. Бозорга олиб чиқсам ярмини олиб чиқарман. Агар бу ерни олиб қўйса, шу ерда меҳнат қилаётган 150га яқин киши ишсиз қолади. Улар нима қилишади? Россияга кетиб ишлашга мажбур бўлишади. Оналар соғинчдан қийналади, оилаларда ҳаловат йўқолади. Болалар тарбияси-чи? Шу болалар ўз ота-оналарининг бағрида тарбия кўргани яхши-ку?», дейди боғи бузилиши арафасида турган Майрамой Ибрагимова.

Майрамой Ибрагимова

Шундан сўнг, ушбу ер майдонининг бир қисмидаги фермер Фарҳодбек Носиров бизга қуйидагиларни маълум қилди.

«2019 йил 9 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг 14-сонли қарори билан мақбуллаштириш бошланди. Бу ердаги 14 гектар ҳудудга тендер белгиланган эди. 3та фермер хўжалиги ҳужжатларини топширди. Шулардан бири мен. Бунда юқори балл тўплаган фермерга ўтди. Орадан сал ўтиб, бу фермер бажара олмаслигини айтиб, ерни олишни рад этди. Кейин тендер қоидаларига кўра, кейинги ўриндаги одамга, менга ёки бошқа фермерга ерни бериш керак эди. Булар ундай қилмади. Шартта келди-да бузиб ташлади», дейди фермер.

Фарҳодбек Носиров

Шундан сўнг, ҳокимият вакиллари билан учрашиш учун йўл олдик. Боғ эгаларини ўз вақтида огоҳлантириб, аҳоли билан келишган ҳолда ишламай, тўсатдан келиб дарахтларни яксон этган мутасаддилар билан кўришмоқчи эдик.

Ҳокимиятда ҳоким бувани узоқ кутиш жараёнининг охири кўринавермагач, мутахассис Жумабой Раҳмонқулов билан суҳбатлашдик.

«Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳақида гап кетяпти. Бу ерлар мақсадсиз фойдаланилмай келган. Бу ерлар 5 йил олдин бузиб юборилиши керак эди. Янаям бу қарор кеч чиқди. Ҳудудларда интенсив ёки гидропоника қилиш керак эди. Мен ўзим агрономман. Ўша ҳудуд зараркунанда ҳашаротларга тўлиб ётибди. Бу ишларни ҳоким қарори, прокурор қарори билан қилганмиз. Ҳаммаси аҳоли иштирокида қилинган. Ўша жойга неча маротаба бордик. Доим одам йўқ. Бузишга борганимизда одамлар чиқяпти. Бу ер меники, бу жой меники деб. Боғлар интенсив боғлар даражасини қўйинг, оддий боғ даражасида эмас», дейди мутахассис.

Жумабой Раҳмонқулов

Бу масалада тендер ўтказилганда нега кейинги одамга берилмай дарров бузиб ташлангани ҳақида сўрадик.

«Тендерга қатнашгани йўқ. Унақа нарса бўлмаган. Яроқсиз боғлар қўйилмаган» деган сўзларга жавобан мурожаатчилар тендер комиссияси ҳужжатларини кўрсатишди.

«Буни бориб тендер комиссиясидан сўрайсиз», дея гапни қисқа қилди мутахассис.

Ундан сўнг ҳокимнинг биринчи ўринбосари Фахриддин Кушаков мурожаатчиларнинг шикоят мазмунини эшитди ва масала юзасидан ўз таклифини берди.

Фахриддин Кушаков

«2019 йил 9 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг 14-сонли қарорига биноан, бу ҳудуд фойдаланилмагани учун экин ер майдонига қўшиб юборилган. Бу жойларга пахта экиш режа қилиняпти. Фуқаролар билан гаплашдик. Ўзлари ҳам рози бўлишди. Туманимизда анорчиликка ихтисослашган жойлардан ер майдонлари ажратиб берамиз. Сектор раҳбари кафиллигида кредит олишни таъминлаб берамиз. Қолиб кетган кўчатлар, ер майдонларидаги ҳосил бу йил сақланади, жойида қолади. Бу ҳам қарорда кўрсатилган», дейди ҳоким ўринбосари.

Ўртада пайҳон этилган дарахтларга албатта одамнинг ичи ачийди. Мевали, жони бор дарахт нима бўлса ҳам. Шикоятчилар анор боғи берилишига ноиложликдан кўнишди. Улар яна алданишдан қўрқишмоқда. Бу меҳнаткашлар ерга эга бўлсак, уни кўкартирсак, озгина ўтиб яна бошқа қарор чиқмасмикин, меҳнатимиз бир пул бўлмасмикин дея шубҳада қолишган.

Мухбир - Баҳодир Аҳмедов
Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид