Жаҳон | 19:27 / 13.04.2019
11200
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg Ассанжнинг Британия қамоқхонасидаги яшаш шароити ҳақида маълумот берди

Фото: Victoria Jones / AP

Bloomberg агентлиги WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж сақланаётган Британиядаги Белмарш қамоқхонаси ҳақида маълумот берди.

Агентликнинг ёзишича, Лондон жануби-шарқидаги бу турмани бир пайтлар британ Гуантанамоси деб аташган. Бу ерда Усома бин Лодиннинг Европадаги ўнг қўли ҳисобланган Абу Қатода ва Лондондаги жамоат транспортида теракт уюштирмоқчи бўлган тўрт шахс сақланган.

Бу ерда ҳозирда жамоатчиликка турли даражада хавф туғдирадиган шахслар сақланади, деб ёзади Bloomberg.  

Мазкур қамохонадагилар учун камерадан ташқарида вақт ўтказиш чегараланган. Маълумот берилишича, бу ердаги маҳбусларнинг деярли ярми ҳафтасига икки соат камера ташқарисида бўлишларини айтишган.

Агарда Ассанж қатъий режимдаги бўлимда сақланадиган бўлса, унинг яшаш шароити янада қатъий бўлиши мумкин, дея қайд этади агентлик. Ушбу бўлимда сақланаётганларнинг спорт зали ва кутубхонага киришлари чекланган.

Эслатилишича, WikiLeaks асосчиси турмага биринчи бор тушиши эмас. У 2010 йилда Лондондаги яна бошқа қамоқхона — Уандсвортда тўққиз кун сақланган. Ассанж ўшанда гаров эвазига озод қилинганди.

Ассанж 2006 йилда WikiLeaks порталига асос солган, унда қатор ҳукуматлар, жумладан АҚШ фаолиятига оид махфий маълумотлар чоп этилган. 2012 йилда Швецияда унга нисбатан айблов эълон қилинганидан сўнг у Эквадорнинг Лондондаги элчихонасидан бошпана сўраган ва етти йил давомида ўша ерда яшаб келди. Пайшанба куни Эквадор унга бошпана беришни рад этди ва Лондон полицияси уни ҳибсга олди.

Мавзуга оид