Ўзбекистон | 13:25 / 18.04.2019
22373
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ Ўзбекистонни баъзи ОАВни блоклашни тўхтатишга чақирди

Арлем Дезир/Фото: ЕХҲТ

ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистон ҳукуматини айрим оммавий ахборот воситаларини блоклашни тўхтатишга чақирди. Расмий мурожаат халқаро ташкилот веб-сайтида эълон қилинган.

«Мен ҳукуматга онлайн-ОАВга тўсиқсиз киришни таъминлаш учун қатор ислоҳотлар ўтказиш илтимоси билан чиқдим. Давлат органларига шуни такрорлаб ўтмоқчиманки, ҳар қандай блоклаш чораси фақат халқаро стандартларга мувофиқ оқланиши, истисно тариқасида қўлланилиши ҳамда қонуний мақсадга қатъий мутаносиб бўлиши мумкин», - дея таъкидлаб ўтди у ўз мурожаатида.

Унинг маълум қилишича, Ўзбекистонда Ozodlik, Eurasianet.org, AsiaTerra, Uzmetronom, «Фергана.ру» ва бошқа онлайн-нашрлар ҳамон блокланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Интернетда экстремистик ёки нафрат уйғотишга сабаб бўлувчи маҳсулотларни тарғиб қилувчи» оммавий ахборот воситаларини блоклаш тўғрисида қарор қабул қилди.

«Бироқ, на тақиқланган ресурслар рўйхати, на кўрсатилган ОАВни блоклашга олиб келган аниқ мезонлар эълон қилинмади», - деди ЕХҲТ вакили.

Арлем Дезир Ўзбекистон ҳукуматини блокланган сайтларга киришни қайта тиклаш ва мамлакатда ахборот олиш ҳамда фикр билдириш эркинлигига алоқадор қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатларни ислоҳ қилишга чақирди.

«Иштирокчи давлатлар ОАВ эркинлигига оид ўз қонунлари, сиёсати ва амалиёти халқаро мажбуриятларга тўлиқ мос келишини таъминлаши шарт», - дея хулоса қилди у. 

Мавзуга оид