Жамият | 20:00 / 20.04.2019
34524
7 дақиқада ўқилади

Афросиёбга келган корейс элчилари — қадимий деворларидаги суратлар нималардан ҳикоя қилади

«Мен Ўзбекистонга келаётганимда 1400 йил олдинги бир кунни ёдга олдим. У қадимий корейс давлати элчилари Самарқандга келган кундир. Отга ёки туяга миниб дам олмасдан машаққат чекиб келишларига икки ойча вақт кетгандир? Баланд тоғ тизмалари, адирлар ва чўллардан ўтиб, қор ва ёмғирда қолиб, баъзида жазирама ва совуқ билан курашиб узоқ вақт сарфлаган бўлсалар керак. Бугун сиз азизлар каби 1400 йил олдин Ўзбекистоннинг қадимий аҳли ҳам узоқдан келган меҳмонларни илиқ кутиб олган. Мустаҳкам дўстлик ва ишонч Афросиёбнинг ғарбий деворидаги суратда ўз аксини топган. Гарчи, Корея ва Ўзбекистон бир-биридан узоқда бўлса ҳам қадимий корейс давлати давридан бошлаб элчилари келиб кетадиган дўст давлатлар бўлган».

Самарқандда меҳмон бўлар экан Жанубий Корея Президенти Мун Жэ Ин мана шу сўзларни изҳор этди. Узоқ йиллар Жанубий Корея ҳудудидаги қадимий давлатлар ва юртимиз ўртасидаги маданий алоқалар ҳақдаги аниқ маълумотлар камёб эди. Ўтган асрнинг ўрталарида топилган қадимий сурат эса таъбир жоиз бўлса, тарих илмини остин-устун қилиб юборди. Аслида ҳаммаси мана бундай бошланган эди:

Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида 6-7 асрларда гуллаб-яшнаган Афросиёб шаҳри қолдиқлари ётибди. Ушбу йирик археологик ёдгорлик Самарқанд шаҳри тарихидан дарак берувчи муҳим ёдгорликлардан бири. Қадим шаҳарнинг майдони 219 гектарни ташкил қилади. Археологлар бир-бирини босиб турган 11та маданий қатлам борлигини аниқлаган. Шаҳарнинг замонавий рельефида қудратли қалъанинг харобалари, кўҳна мудофаа деворлари, қачонлардир шаҳарга сув келадиган каналнинг вайроналарини осон ажрата олиш мумкин.

Афросиёб бошига тушган аянчли воқеаларнинг бири шуки, 1965 йил Самарқанд шаҳридаги қурилиши режалаштирилган янги кўча айнан ана шу қадимий шаҳар харобалари устидан ўтиши белгиланди. Ўша вақтда Самарқандда, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган зиёлилар қанчалик қаршилик қилишмасин, йўл қурилиши бошланади.

Йўл ўтадиган ҳудуд текисланаётган вақтда эса бутун инсоният учун нодир топилма, бир қатор давлатлар, умуман дунё тарихи ҳақида маълумот берувчи деворий суратлар топилади. Энг ёмони, бульдозер деворий суратни қоқ ўртасидан икки бўлиб ўтган эди. Бу бугунги кунда мавжуд ер юзидаги тарихий деворий суратларнинг энг йирикларидан бири эди.

Деворий суратларнинг қисми ҳам жуда ноёб ва улкан аҳамиятга эга бўлгани учун дарҳол музейга жўнатилади. Ундан нусха ҳам кўчирилади.

90-йиллардан бошлаб ана шу деворий сурат жаҳондаги кўплаб археолог, тарихчилар бир қатор мамлакатлардаги илмий институтларни ўзига жалб эта бошлади. Негаки, ушбу деворий суратлар илк ўрта аср даврининг нодир санъат асари, қадимги Сўғдиёна ҳаёти ва маданияти тўғрисида сўзлаш билан бирга бошқа давлатлар маданиятидан ҳам ҳикоя қилади. Хусусан, Афросиёб шоҳи Вархуманнинг саройида чизилган деб ҳисобланаётган ушбу деворий суратларнинг «Элчилар хонаси» деб номланган қисми қадимги давлатлар тарихига янгилик киритиши ойдинлашди. Янаям аниқроғи, деворий суратда бир қатор қадимий давлатлар, жумладан, Когурё давлатидан ташриф буюрган элчилар сурати ҳам тасвирланган эди. Бу эса 6-7 асрлардаёқ икки давлат ўртасида алоқалар мавжуд бўлганини тасдиқлайдиган жуда муҳим факт эди.

Шундай қилиб, мазкур ёдгорликнинг вақт таъсирида емирилиб бораётгани сабабли Сўғдиёна француз-ўзбек археологик миссияси ташаббуси билан Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамкорлигида «Афросиёб деворий суратларини асраб-авайлаш уюшмаси»га асос солинди. Лойиҳа ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси кўмагида ишга туширилди. 2014 йилда Самарқанд шаҳридаги Афросиёб музейида ноёб қадимий ёдгорлик ҳисобланган «Элчилар хонаси» деворий суратларининг реставрация ишлари бошланди. Бу иш ҳукуматимиз ҳамда АҚШ, Швейцария, Франция ва Жанубий Корея давлатлари кўмагида давом эттирилди.

– «Элчилар хонаси» деворий суратларида ўша даврдаги бир қатор давлатлардан Афросиёб ҳукмдори саройига ташриф буюрган элчилар тасвири мазкур суратларнинг умуминсоний аҳамиятини янада оширади, - дейди Афросиёб музейи директори Самариддин Мустафоқулов. – Хусусан, унда 6-7 асрлардаги Когурё давлати вакиллари тасвирлангани Жанубий Корея тарихида ҳам янгилик деб баҳоланди ва кореялик олимлар билан ҳамкорликда кенг миқёсдаги ўрганиш ишлари бошлаб юборилди.

2015 йилда Жанубий Кореянинг «Шимолий-Шарқий Осиё тарихи» фонди кўмагида мазкур давлат тарихчи олим ва мутахассислари ҳамкорлигида деворий суратларнинг вақт таъсирида емирилган қисмларини ҳам қайта тиклашга киришилди. Шунингдек, яна бир муҳим ишга қўл урилдики, бу Ўрта Осиё тарихида илк марта ва ҳатто дунё тажрибасида ҳам камдан кам учрайдиган тажрибадир. Хуллас, Жанубий Корея ва Ўзбекистон олимлари ҳамкорлигида тўлиқ илмий асосланган ҳолда қадимий Афросиёб шаҳри ўша даврда қандай бўлган бўлса худди ўша ҳолатда «қайта тикланди». Аниқроғи, қадимий шаҳар макети ва шаҳар кўринишининг 3D форматдаги видеолавҳаси тайёрланди.

Бунинг учун дастлаб бугунги куннинг энг замонавий технологиялари орқали шаҳар қолдиқлари сканер қилинди. Шаҳарнинг ўрни юқори сифатли, ҳаводан ва ён томонлардан 3D фотоаппаратларида суратга олинди. Махсус аппаратларда тест анализлари олинди ва ҳатто ҳар бир сурат микроскоп орқали ўрганиб чиқилди. Барча деворлар қолдиқлари тадқиқ этилиб, таққосланиб, компьютер графикаси асосида илмий асосланган ҳолда тиклаб борилди. Деворий суратларни тиклашда ҳам, шаҳар кўринишини тиклашда ҳам ультрабинафша ва инфрақизил нурлар орқали ўша рангларнинг аниқ ҳолатини тиклашга эришилди. Ва ниҳоят, қадимий шаҳар тўлалигича, ўз вақтида қандай бўлган бўлса шундайлигича видеолавҳа шаклида кўз ўнгимизда намоён бўлди. Бу эса тарих фанида мисли кўрилмаган ютуқ эди. Биз энди Самарқанднинг 6 асрда қай кўринишда бўлганини биламиз.

Бугун Самарқандга ташриф буюраётган сайёҳларнинг аксарияти «Афросиёб» музейига ташриф буюриб, юқоридаги тасвирларни ҳамда деворий суратларни томоша қилади. Мазкур суратлар ҳақда юртимиз олимлари ҳам бир неча марта Жанубий Кореяда бўлишди. Дунёнинг бир қатор мамлакатлари, хусусан, Жанубий Кореяда кўплаб кўрсатувлар ташкил этилди.

Ана шу тариқа, қадимий бир сурат – икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихига йўл очиб берган эди.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид