Спорт | 13:20 / 25.04.2019
21542
2 дақиқада ўқилади

Осиё чемпионати. Ўзбекистонлик боксчилардан уч нафари финалда

Нодиржон Мирзаҳмедов / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Бангкокда ўтаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида бугун ярим финал жанглари бўлиб ўтмоқда. Эркаклар ўртасидаги кундузги баҳслар доирасида ўзбекистонлик уч нафар боксчи рингга кўтарилиб, учаласи ҳам финал йўлланмасини қўлга киритишди.

Дастлаб -49 кг вазн тоифасида Нодиржон Мирзаҳмедов қирғизистонлик Мирлан Туркбаи Уулуга қарши жанг қилиб, очколар бўйича ғалабани қўлга киритди ва Ўзбекистон терма жамоасига илк финал йўлланмасини тақдим этди. Мирзаҳмедов бунга қадар япониялик ва лаослик рақибларини мағлубиятга учратганди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Нодиржондан сўнг, -56 кг вазндаги Миразизбек Мирзахалилов ҳам филиппинлик Педрес Баутиста билан жангда ҳакамларнинг турлича қарорлари билан очколар ҳисобида рақибидан устун келиб, ҳал қилувчи босқичга ўтди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси ҳарбий спортчиси ҳисобланувчи Санжар Турсунов (-91 кг) жамоадошларининг муваффақиятли сериясини давом эттирди. Иорданиялик Ҳуссайн Иашаиш билан жанг қилган Турсунов очколар бўйича устун келди ва эртага олтин медаль учун рингга кўтариладиган бўлди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Бугун Тошкент вақти билан соат 16:00дан сўнг кечки дастур баҳсларига старт берилади. Унда Ўзбекистоннинг 5 спортчиси рингга кўтарилади.

-60 кг: Шукуржон Раҳимов - Тсендбаатар Ерденебат (Мўғулистон) (Б ринг)
-69 кг: Бобоусмон Батуров - Ашиш (Ҳиндистон) (А ринг)
+91 кг: Баҳодир Жалолов - Муҳаммад Мулайес (Сурия) (А ринг)
-57 кг: Ёдгорой Мирзаева - Ю-Тинг Лин (Хитой Тайпейи) (Б ринг, аёллар)
-64 кг: Мафтуна Мелиева - Каур Баат (Ҳиндистон) (Б ринг, аёллар)

Финал жанглари эртага, 26 апрель куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид