Ўзбекистон | 22:35 / 29.04.2019
19876
6 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазирлиги: Сергелидаги уйларда бўлган ҳолат такрорланмаслиги учун буюртмачилар масъулиятини оширишимиз керак

29 апрель куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва журналистлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманга Қурилиш вазирининг ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов раислик қилди. Тадбир бошида йиғилиш раиси сўзга чиқди.

Тадбир давомида йиғилганларга 2018 йилда вазирлик томонидан олиб борилган ишлар ва келгусида режалаштирилаётган лойиҳа ва мақсадлар ҳақида айтиб ўтилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2018 йилда Республикада 1200та шаҳар ва шаҳар посёлкаларининг (119та шаҳар ва 1081та шаҳар посёлкалари) мавжуд бўлиб, бугунги кунга қадар 232та (шундан, 105та шаҳар ва 127та шаҳар посёлкалари) бош режалари ишлаб чиқилган.

Дастурга асосан 2018-2022 йилларда жами: 193та шаҳарсозлик ҳужжатлари (23та шаҳар, 115та шаҳар посёлкалари ҳамда 55та қишлоқ (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш (АПОТ) лойиҳаларини) ишлаб чиқиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.02.2018 йилдаги ПҚ-3502-сонли қарори билан тасдиқланган Дастур асосида 2019 йилда жами 35та шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш белгиланган (8та шаҳарнинг ва 17та шаҳар посёлкаларининг бош режалари ҳамда 10та қишлоқ (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳалари (АПОТ).

2019 йилда Республика бўйича жами 35та «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» ДУК (21та), «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК (4та) ва «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ (10та АПОТ) шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқиш юзасидан 2019 йил Манзилли рўйхати тасдиқланган.

2019 йил Инвестиция дастурлари ва бошқа буюртмаларга асосан Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» давлат унитар корхонаси ва унинг филиаллари томонидан 2019 йил 1-чорак якуни бўйича жами 18 099та объектнинг лойиҳа ҳужжатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ кўриб чиқилиб, давлат экспертизасидан ўтказилди. Жумладан, 1205та ижтимоий соҳа, 1558та инфратузилма ҳамда вазирлик ва идоралар такибидаги объектлар 14620та қишлоқ жойлардаги арзон уй-жойлар ва республика шаҳарларида 335та кўп хонадонли (кўп қаватли) арзон уй-жойлари ва бошқа 381та якка тартибдаги мураккаб тоифадаги объектлар.

Маълумотлар тақдим этилиб, раис нутқ сўзлагандан сўнг, савол-жавоб жараёни бўлиб ўтди.

— Қорақалпоғистондаги қурилиш ишларида пойдеворнинг шўрлаши каби ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай қурилиш ишларида чидамли, пухта материаллардан фойдаланишда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Президентимиз, бизнинг ҳам талабимиз шу. Биз энди сифат даражасига алоҳида эътибор бермоқдамиз. Қорақалпоғистон, Сирдарё, Фарғона каби вилоятларда ерости сувлари сатҳи баландда жойлашган. Шу сабабли, бугунги кунда ерости сувларга қараб ишлар олиб борилмоқда. Сирдарёда бу ўз самарасини берди. Ҳозир янги инновацион усуллар сабабли бундай сувлар тўғри йўналтирилмоқда. Туркия билан қўшма корхона тузилмоқда. Янги технология асосида бу ҳал этилади.

— Соҳада илмий ташкилотлар, илмий ишлар олиб бораётган олимлар билан қандай ҳамкорликда иш олиб борилмоқда?

— Ҳозирги замон талабига жавоб берадиган, одамнинг кўзини қувонтирадиган биноларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш даври келди. Тўртбурчак шаклдаги бинолар одамларнинг кўнглига тегиб кетди. Архитектура маҳорати деганда ранглар жилоси, ҳар хил форматдаги биноларни тушуниш керак. Бу бўйича ёш кадрлар устида ишлашимиз керак. Бу бўйича хорижий институтларда таҳсил олишмоқда.

Сергелидаги уйлар масаласида оладиган бўлсак, нархлар бўйича қурилиш олдидан дастлабки экспертиза, сўнгра асосий экспертиза қилингани айтилди. Икки экспертиза нархидаги тафовут ер билан осмонча. Бундай ҳолатлар бўлмаслиги учун нималар қилинмоқда?

— Қўйилаётган масала тўғри. Қурилиш меъёрий ҳужжатларида шундай талаблар бор, лойиҳа-смета ҳужжатлари буюртмачи томонидан тасдиқланади ва тасдиқланган ҳужжатлар асосида иш амалга оширилиши керак. Ана ўшанда бундай камчиликларга йўл қўйилмайди. Бугунги кунда, жойлардаги ташкилотларимизга, буюртмачиларимизга лойиҳа-смета ҳужжатлари ўрнатилган тартибда тасдиқламасдан туриб ишни бошламаслик масаласини қатъий қўймоқдамиз. Бундай ишларга йўл қўйилмаслиги учун биз талабни кучайтиришимиз керак. Буюртмачиларнинг дунёқарашини, масъулиятини оширишимиз керак. Маҳсулотни қабул қилиб оладиган бу буюртмачи. Нарх белгиландими, демак у ўзгармаслиги керак. Ўтган йилнинг ўзида кўплаб қурувчи компаниялар фаолияти ўрганилди. 2018 йилнинг ўзида 58 миллиард сўм жарималар белгиланди.

Ҳозирги кундаги қурилишларни кўрадиган бўлсак, кўпи билан 7-9 қаватли бинолар қурилмоқда. Аҳоли ўсишини ҳисобга олиб, қачон бизда осмонўпар бинолар қурилиши режага киритилган?

— Кўпқаватли уйлар масаласида бир мисол. Кечагина Андижондан келдим. «Ўзшаҳарқурилишинвест» компанияси бошчилигида бир қурилиш компанияси Туркиядан икки комплект «оснаска» сотиб олди. 2та 16 қаватли уй қурмоқда. Битта уйнинг майдони 400 кв. метр. Ўргатиш учун турк мутахассислар олиб келинган. Республика бўйича давлат раҳбарининг буйруқлари билан 5-7 қаватдан паст уй қурилмаяпти. Пойтахтимизда бир неча қурилиш компаниялари 12, 14 ва 16 қаватли уйларни қуришни йўлга қўймоқда.

Йўллар, шаҳар ҳолатларида аҳоли учун қулай шароитларга эътибор бериладими? Йўл четидаги ўриндиқлар сони кундан-кунга камайиб бормоқда. Бунинг ўрнига йўллар кўпаймоқда. Машиналар учун эмас, одамлар учун ҳаракат қилишимиз керак-ку?

— Кўчанинг габарити бўлади. Ўз вақтида маълум мутахассисларинг ҳаракатлари натижасида ноқонуний қурилишлар кўпайиб кетган. Энди ҳозир кўчалар битта форматга келтирилмоқда. Велойўлакчалар, сайилгоҳлар, скамейкалар ҳам шаҳар бош режа нормаларида бор аслида. Ҳозир ҳар бир вилоятда рекреацион ҳудудлар ташкил этишни йўлга қўйишни кўзлаганмиз. Кечки пайт одамлар оиласи билан сайр қилиши учун шароит бўлсин.  Шунингдек, «яшил стандарт» жорий этилмоқда. Бундан келиб чиқиб, дарахтларни кўпроқ экиш, керакли микроиқлимни яратиш масаласи ишлаб чиқилмоқда. 

Мавзуга оид