Спорт | 20:14 / 30.04.2019
13239
2 дақиқада ўқилади

Португалияда футбол ҳаками ҳамкасбининг “ҳожатини чиқарди”

Португалия чемпионатининг 31-турида “Дешпортиву Шавеш” ва “Насьонал” клублари ўртасидаги ўйинда антиқа ҳолат юз берди, деб хабар берди Eurosport телеканали.

Гап шундаки, учрашувнинг 56-дақиқасида бош ҳакам Луиш Годинью дарвозабон тўпни ўйинга киритиши олдидан ҳеч қандай бир сабабсиз ўйинни тўхтатди. Шу пайт ён ҳакамлардан бири Жорже Крус ҳамкасби ёнига келиб, унга байроқчани топшириб, ўзи трибуна ости томон шошганча йўл олган ва у ерда ғойиб бўлган. Аниқланишича, ён ҳакамнинг майдонни шошганча тарк этишига ҳожатхонага бориш эҳтиёжи сабаб бўлган.  

Бош ҳакам жамоалар бош мураббийларига ушбу ҳолатни кулганча тушунтирган. Жамоалар мураббийлари ҳам режалаштирилмаган танаффусдан чаққонлик билан фойдаланиб, ўз шогирдлари ўйинига ўзгартиришлар киритишга тушиб кетишган. 

Ён ҳакам қайтганда бош ҳакам унга кулганча қизил карточка кўрсатган. Ҳакам жойига туриб, пешонасидан терисини артиб қўйган ва ўйин давом эттирилган.

Ён ҳакам табиий эҳтиёж билан майдонни тарк этишидан аввал 2:1 ҳисобида олдинда бораётган “Дешпортиву” яна 2 та гол уриб, якуний ҳисобни 4:1 кўринишига етказиб қўйган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид