Ниғматилла Йўлдошев: Одамлар зарарли моддалар билан тўйинган сувларни истеъмол қилмоқда
Ўзбекистонда мавжуд марказлашган оқова сув тармоқларининг 44 фоизи яроқсиз ҳолга келган. Эскирган канализация тармоқларидан сизиб чиқаётган оқова сувлар ер ости сувларига қўшилиб кетмоқда, дейди Ниғматилла Йўлдошев.
Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Ниғматилла Йўлдошев ўз кириш сўзида «Сувоқова» давлат унитар корхонасига қарашли сув тозалаш иншоотларининг 88 фоизи фаолият юритмаётганини танқид қилди.
«Аксарият корхоналарда сув тозалаш иншоотларининг йўқлиги, борларининг ҳам талаб даражасида эмаслиги оқибатида оқова сувлар биологик ва кимёвий тозалашдан ўтказилмасдан, ҳудудлардаги дарё ва сойларга тўғридан-тўғри оқизилмоқда.
Мисол учун, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига қарашли 87та корхонадан 44тасида сув тозалаш иншоотлари мавжуд эмас», - дея Сенат раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, 2017-2018 йилларда ушбу корхоналардан чиққан саноат оқинди сувларининг 83 фоизи тозаланмасдан, тўғридан-тўғри канализацияга оқизилган.
Йўлдошевнинг билдиришича, «Ўзчармсаноат» уюшмасига қарашли 406та, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тасарруфидаги 206та корхонадан чиқаётган оқова сувларнинг аксарияти ҳам тиндирилмасдан ва тозаланмасдан тўғридан-тўғри канализацияга ташланмоқда.
«Оқибатда мазкур корхоналарга туташ ҳудудларда санитария қоидалари ва гигиена нормалари жиддий бузилмоқда. Хусусан, одамлар зарарли моддалар билан тўйинган сувларни истеъмол қилмоқда. Зотан, мамлакатдаги 58та сув тозалаш иншоотидан чиқаётган оқова сувлар таҳлил қилинганда, зарарли моддаларнинг белгиланган меъёрларга нисбатан бир неча ўн маротаба юқори эканлиги аниқланди. Мутасадди тузилмалар эса, бу каби ҳаётий муаммоларни самарали ҳал этиш бўйича етарлича ташаббус кўрсатмаяпти», - дейди Йўлдошев.
Мавзуга оид
19:01
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
18:41 / 16.08.2024
Ниғматилла Йўлдошев Кураш федерацияси раислигига қайта сайланди
18:42 / 19.07.2024
Қирғизистон ва Ўзбекистон маҳкумларни топшириш бўйича шартнома имзолади
13:36 / 21.06.2024