Жамият | 13:41 / 08.05.2019
7595
3 дақиқада ўқилади

Андижон ИИБ томонидан “Намунали ҳудуд” тажрибаси амалга оширилмоқда 

Андижон шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида замонавий мобиль  постлар ҳамда ташвиш қурилмаларини ўрнатиш ишлари бошланди. 

Андижон ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда 13 та мобиль постлар  шаҳарнинг аҳоли кўп тўпланадиган  жойларига  ўрнатилди. Андижон шаҳрида жамоат тартибини сақлашда ҳудудни кузатиб бориш орқали тегишли ташкилотларга тезкорлик билан хабар етказиш ҳамда фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат бериш мақсадида 40 дона ташвиш қурилмаларини ўрнатиш ишлари ҳам бошланди. 

Бундан ташқари, фуқаролар кўп тўпланадиган жамоат жойларида   жамоат тартибини сақлашдаги иш унумдорлигини ошириш учун хизмат қиладиган 4 дона скутерлар ҳам фаолият юрита бошлади.

Ушбу тадбир ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда Андижон вилоятининг Андижон шаҳри ва Хўжаобод туманида “Намунали ҳудуд” тажрибасини яратиш доирасида амалга оширилмоқда. Ташкил қилинган мазкур постлар жамоат тартибини сақлашда ҳудудни назорат қилиб бориш орқали тегишли ташкилотларга тезкор хабар етказиш, шунингдек, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат беришда катта қулайлик туғдиради. Постлар компьютер техникалари, радио ва телефон алоқаси, видеоназорат қурилмалари ва бошқа зарур ускуналар билан таъминланган.  

Ички ишлар бўлимларини аҳолига янада яқинлаштириш, бевосита  уларга юклатилган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳаси ва  Ёйилма МФЙ ҳудудларида янги ички ишлар бўлимлари ташкил қилинди. 

Андижон шаҳар Боғишамол даҳаси Айланма кўчасида жойлашган 5-сонли ички ишлар бўлимида барча қулайликларни ўз ичига олган махсус хоналар ташкил этилди.

Шунингдек, Жиноятчиликни барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда Андижон вилояти Ички ишлар идоралари профилактика инспекторларига «Намунали ҳудуд» тажрибасини яратиш  доирасида “Профинспектор”  дастурий таъминоти ўрнатилган мобил телефонлар топширилди.  

Вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан тақдим этилган, ушбу мобил телефонлар орқали бириктирилган ҳудудни мониторинг қилиш, таҳлилий геоахборот тизими, статистикаси ва назоратини олиб бориш имкониятини яратилади.

Мазкур дастурга олиб борилаётган профилактик тадбирларни суратга ва овозни ёзиб олиш, ҳудудда аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва содир этилган жиноятларни қайд этиб бориш, харита билан ишлаш, объектлар жойлашуви, категорияси ва координаталари тўғрисидаги маълумотлар киритиб борилади.

Мобил дастур орқали жиноят содир этиб, қидирувда бўлган шахслар тўғрисида маълумотлар олиш ҳамда автомобилларни давлат рақами орқали қидириш имкониятлари ҳам мавжуд. 

Бу янги инновацион тизим профилактика инспекторларининг иш самарадорлигини оширишга, турли маълумотлар излаб хизмат ҳудудини ташлаб кетиш ҳолатларига чек қўяди. Энг асосийси, ҳужжатлар айланмасида бирмунча соддалаштириш ва электрон тизимга ўтишга ижобий таъсирини кўрсатади.

Мавзуга оид