Ўзбекистон | 14:40 / 11.05.2019
15038
3 дақиқада ўқилади

Депутатлар ва сенаторларни ишга жойлаштириш кафолатлари белгиланди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 18 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 13 январда қабул қилинган «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги 510–XII-сонли Қонунининг 9-моддаси (Сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган ходимларни ишга жойлаштиришдаги қўшимча кафолатлар) қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди:

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатларини ва Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзоларини ваколатлари муддати тугаганидан кейин, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тарқатиб юборилган тақдирда ишга жойлаштириш «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади».

Маълумот учун: «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддаси депутатнинг ва сенаторнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида.

Ушбу моддага кўра, депутатнинг, сенаторнинг тегишли палатада ишлаган вақти умумий иш стажига ва аввалги ихтисоси бўйича иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларнинг раҳбарлари ўз ваколатларини ишлаб чиқариш ёки хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга ошираётган сенаторни у ўзининг сенаторлик вазифаларини бажарадиган вақтда, унинг иш жойи (лавозими) сақланган ҳолда, ишдан озод қилишлари шарт. Сенаторлик вазифаларини бажараётган вақтда сенаторнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Депутатга, сенаторга ҳар йили ўттиз олти иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади, қонун ҳужжатларида кўпроқ муддатли таътил назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Ҳар йилги меҳнат таътили депутатга, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда берилади.

Қонунчилик палатаси ёки Сенат тарқатиб юборилган тақдирда депутатга ёки Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторга ишдан бўшатиш нафақаси тўланади ҳамда ишга жойлашиш даврида қонунда белгиланган тартибда ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Мавзуга оид