Ўзбекистон | 16:49 / 14.05.2019
27250
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ТИВ Форс кўрфазидаги провокацияни кескин қоралади

Фото: Satish Kumar / Reuters

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2019 йил 12 май куни Форс кўрфазидаги Бирлашган Араб Амирликларининг ҳудудий сувлари яқинида Фужайра Амирлигидан шарқ томонда тижорий ва фуқаролик кемаларига нисбатан амалга оширилган провокацияни кескин қоралади.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, бу каби ҳодисалар кемалар бортидаги инсонлар ҳаётига жиддий хавф яратади. Вазирлик халқаро ҳамжамиятни денгизда кемалар қатнови хавфсизлиги ва барқарорлигига путур етказадиган бундай ҳаракатларнинг олдини олиш масъулиятини ўз зиммасига олишга чақирган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бирлашган Араб Амирликларига хавфсизликни таъминлаш ва ўз миллий манфаатларни ҳимоя қилишда якдиллик изҳор этади, дейилади хабарда.

«Коммерсантъ» нашри маълумотларига кўра, Форс кўрфазидаги вазият ҳарбий можаро ёқасида қолган. БАА ҳудудий сувлари яқинида бўлган тўртта танкер номаълум кучлар ҳужумига учради. Бир неча кун илгари АҚШ Эрон савдо ва ҳарбий кемаларга ҳужум қилиши мумкин экани ҳақида огоҳлантирган. Бироқ, Эрон, худди минтақадаги араб давлатларида бўлгани каби, бу воқеа юзасидан ташвиш билдирди. Нефтнинг денгиздаги савдоси 30 фоизга яқини Ҳурмуз бўғози орқали ўтади. Шу нуқтаи назардан, нефть нархи кескин кўтарилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид