Жамият | 23:21 / 16.05.2019
8715
4 дақиқада ўқилади

Шерзодхон Қудратхўжаев: “ОАВда оила масалаларининг ёритилиши талаб даражасида эмас”

15 май ─ Халқаро оила куни муносабати билан Оила илмий-амалий тадқиқот маркази ташаббуси асосида республика ва хорижий медиа вакиллари учун “Оммавий ахборот воситаларида оила мавзусини ёритишнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда иштирок этган турли маҳаллий ва халқаро ташкилот вакиллари оила институтини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларга асосланган фаровон турмуш тарзини тарғиб қилиш, оилавий муносабатларни ОАВда ёритишда этика қоидаларига риоя қилиш бўйича ўз мулоҳазаларини билдириб, амалий таклифлар билан чиқишди. Оила масаласининг ёритилишидаги муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Дилором Тошмуҳаммедова, Оила илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари, сенатор:

─ Оилада шахснинг фаол фуқаролик позицияси шаклланади. Оиланинг муҳити билан унда тарбияланаётган шахсларнинг келажакда жамиятда тутиши мумкин бўлган ўрнини белгилаш мумкин. Оилани нафақат ижтимоий, балки сиёсий, ҳуқуқий институт сифатида баҳолаган ҳолда ёндашиш лозим.

Акмал Саидов, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари, академик:

─ Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг маълумотларига кўра, Ер куррасида 7 миллиарддан зиёд аҳоли бўлса, шуларнинг 85 фоизи оилаларда яшайди. Демакки, оила фақатгина бир кишига ёки гуруҳга тегишли бўлмаган, глобал масала. Унинг фаровонлиги ҳақида бутун жаҳон ҳамжамияти қайғуриши керак. Оилани ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосини яратиш олдимизда турган муҳим масала ҳисобланади. Бунга бир неча амалий ишлар орқали эришиш мумкин.

Халқаро ва маҳаллий қонун ҳужжатларининг оилага дахлдор ҳуқуқ ва бурчларини назарда тутувчи қисмларини жамлаб, алоҳида библиография қилиш лозим. Шунда масаланинг қайси қисмлари назардан четда қолаётгани, қонуннинг қайси қисмлари ишламаётгани кўринади.

Янги оилалар бунёд бўлаётганда никоҳ шартномасининг ҳам тузилишига, кейинчалик унга ҳар икки томоннинг қатъий риоя қилишига эришиш керак. Биз ҳали одамларни никоҳ шартномасига тайёрлай олмаяпмиз.

Кўп жиҳатдан, хусусан, қонуний база нуқтаи назаридан ҳам бир-бирига яқин бўлган бешта Марказий Осиё давлатларининг оилага тааллуқли қонун ҳужжатларини ўрганиб, мукаммал Оила кодекси моделини ишлаб чиқиш керак. Халқаро ҳужжатларнинг оила билан боғлиқ барча бандлари маҳаллий қонунчиликка имплементация қилинганми, кодексда белгиланган тартиб ва реал ҳолат бир-бирига мувофиқми, ўрганишимиз зарур.

Шерзодхон Қудратхўжаев, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори:

─ Ўзбекистон бўйича 8 млн 300 минг нафар оила бўлиб, уларнинг 2 миллиондан ортиғини ёш оилалар ташкил этади. Бу кўрсаткич оммавий ахборот воситаларида оила масалаларининг ёритилиши қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатади. Аммо оила мавзусининг медиамаконда ҳозирги ёритилиши қониқарли эмас. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, оила мавзусидаги журналистик материалларнинг 78 фоизини ахборий, 18 фоизини таҳлилий, 3 фоизини бадиий-пубицистик йўналишдаги маълумотлар ташкил этади. Журналистларнинг оила мавзусига ёндашуви талаб даражасида эмас. Бунда ҳиссиётларга эмас, кўпроқ далил ва фактларга асосланган ҳолда ёндашиш керак. Енгил-елпи ҳаёт тарзини тарғиб қилувчи медиамаҳсулотларни ҳам чеклаш лозим. Фақатгина қайнона-келин муносабатларига ўралашиб қолмасдан, ЭКО, меҳрибонлик уйларидаги болаларни асраб олиш кабиларга ҳам диққатни қаратиш зарур.

1994 йилда БМТнинг 50 йиллигига бағишлаб ўтказилган анжуманда 15 май куни ҳар йили анъанавий равишда Халқаро оила куни сифатида байрам руҳида нишонланиши белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 сентябрдаги Фармойишига асосан 15 май ─ Халқаро оила куни республиканинг барча ҳудудларида кенг нишонланиши, жамиятда оиланинг тутган ўрнини, аҳамияти тарғиб қилиниши қайд этилган.

Конференция доирасида Ўзбекистон тарихида илк бор яратилган оила мадҳияси ҳам тақдим этилди.

Мавзуга оид