«Тафаккур қилмайсизми?..»: Сувнинг илоҳий неъматлиги ҳақида далиллар
“Тафаккур қилмайсизми?..” кўрсатувининг галдаги, учинчи сонида Аллоҳ таолонинг ўз махлуқотларига инъом этган улкан неъмати – сув ҳақида сўз боради.
Уламоларнинг фикрича, шукр иймоннинг ярмидир. Ҳатто айтиладики, шукр иймоннинг ҳаммаси. Сабаби, сабр қилишликка қодир қилгани учун ҳам шукр қилишимиз керак. Шукримизнинг ўзи шукрга муҳтож. Шукрнинг учта рукни бор экан. Биринчиси, қалб шукри. Иккинчиси, тил билан шукр қилишлик. Учинчиси, тана аъзолари билан шукр қилишликдир.
Қалб билан шукр қилишлик деганида, инсонга ҳаёти давомида келадиган жамики нарсалар Аллоҳ томонидан берилганлигини ва буларнинг ҳаммаси неъмат эканлигини қалбан ҳис қилишлик, бу қалб шукри дейилар экан. Қалбда собит бўлган ҳар қандай нарса тилга чиқади. Шу сабаб қалбдагини тилга кўчириб, Аллоҳга шукр дейишлик, тил шукри дейилар экан. Учинчи рукнга келадиган бўлсак, мана шу неъматларни Аллоҳ рози бўладиган ўринга сарф қилишликка айтилади.
Аллоҳ таолонинг махлуқотлари ва мавжудотлари ҳақида тафаккур қилишлик, бизни неъматларнинг ичида кўмилиб яшаётганлигимизни ҳис қилишимизга ёрдам берар экан. Ва бу ўз ўрнида шукрнинг ҳосил бўлишига кўмаклашар экан. Аллоҳнинг ана шундай неъматларидан бири – бу сувдир.
Сув – кундалик ҳаётимизда энг одатий бўлган нарсалардан бири. Уни ҳар куни истеъмол қиламиз, танамиздаги барча ҳужайралар у билан озиқланади, у билан қувватланади. Дунёдаги барча мавжудотлар сувдан яралган, мана шу сувдан иборат ва у билан тирик. Маълумки, барча тирик мавжудотлар ҳужайралардан ташкил топган. Биология фанидан бизга маълумки, ҳужайранинг 80 фоиз асосий моддаси – сув деб таърифланади. Барча тирик нарсаларнинг сувдан иборатлиги фақатгина микроскоп ихтиро қилингандан кейин маълум бўлган.
Сувсиз ҳаёт йўқлигини ҳамма билади, лекин тафаккур қилиб кўрганмизми, у хонадонимизга қайси жараёнлардан ўтиб келди? Қуёш денгиз сувини ўз нури ила қиздиради. Ва денгизнинг сатҳидаги сув буғланиб осмонга кўтарилади. Яъни, шамол сувни осмонга кўтариб, булутга урчитади. (Қуръони каримда айни “урчитиш” сўзи ишлатилган). Шундан сўнг булутлар сувга тўлиб оғирлашади ва шамол уни керакли жойга ҳайдайди ҳамда у ерга ёмғир бўлиб қуйилади.
Сув ўлик бўлган ерга тушганидан кейин, тупроқ ҳаракатга келишни бошлайди. ундан турли хил ўсимликлар чиқишни бошлайди, мевалар унади. Осмондан тушаётган сув бир хил, аммо меваларнинг таъми ҳар хил. Айримлари ширин, айримлари аччиқ.
Замонавий олим ва мутахассисларнинг фикрича, сув ҳақидаги топилмаларнинг энг каттаси – унинг хотираси борлигининг аниқланишидир. Яъни, сув маълумот ёзиш хусусиятига эга. Кўрган, эшитган ва ҳатто ҳиссиётларни ўзида акс эттиради. Сувнинг олдида бирор мудҳиш ҳодиса юз берса, буларнинг бари унинг хотирасига ёзилар экан. Бу сув таркибидаги молекулаларнинг ўзгариши билан акс этади.
Кўрсатувнинг мазкур сонида сувнинг биз билмаган хусусиятлари, унинг улкан неъмат эканлигини исботловчи бир қанча мушоҳадалар, шу билан бирга, қизиқарли фактлар ҳақида сўз юритилади.
Мавзуга оид
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024
Қирғизистон қўшни давлатларга қанча сув бераётганини эълон қилди
12:00 / 26.10.2024