Деҳқонободда юк автомобили ёниб кетиши оқибатида икки киши шифохонага тушди
2019 йилнинг 1 июнь куни соат 20:44 да Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани “Истиқлол” МФЙ, М.Аҳмедов кўчасида ҳаракатланиб кетаётган “ГАЗ-53” русумли юк автомобилида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида Деҳқонобод тумани ЁХБ диспетчерлик хизматига хабар келиб тушган.
Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарига кўра, воқеа жойига 2 та ёнғин ўчириш бўлинмалари юборилган. Бўлинмаларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида юк автомобилининг мотор, салон ва борт қисми қисман зарарланган ҳамда устига ортилган хашаги ёнган. Юк автомобилидаги ёнғинни ўчиришга уринган ҳайдовчи фуқаро Р.М. ва йўловчи фуқаро Д.Х.лар куйиш тан жароҳати билан шифохонага юборилган.
Ёнғиннинг тахминий сабаби автомобилнинг электр симларида қисқа туташув. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.