Жамият | 23:19 / 21.06.2019
4034
2 дақиқада ўқилади

Маҳалла ва нодавлат ташкилотлари туризмни ривожлантиришда иштирок этиши мумкин

Сенатнинг 20-ялпи мажлисида “Туризм тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири масаласи кўриб чиқилди.

Қонунда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг туризм соҳасидаги иштироки алоҳида норма билан мустаҳкамланган. Унга кўра, маҳаллалар ва жамоат ташкилотлари туризмни ривожлантиришда бевосита иштирок этиб, маданий мерос объектларини тарғиб қилиши, соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириши ҳамда амалиётдан келиб чиқиб, туризмни ривожлантириш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар бериши мумкин.

Шунингдек, янги таҳрирдаги ушбу ҳужжатда туристик индустрия, туристик зоналар ва кластерлар, соҳада фаолиятни амалга ошириш шартлари: лицензиялаш, сертификатлаштириш, стандартлаштириш, туристик маҳсулотни реализация қилиш каби қатор йўналишларга оид нормалар ўз аксини топган.

1999 йилда қабул қилинган «Туризм тўғрисида»ги амалдаги қонун 22 моддани ўз ичига олган бўлса, сенаторлар томонидан маъқулланган қонуннинг янги таҳририда моддалар сони 45 тани ташкил этиб, соҳага оид муносабатларни янада кенгроқ қамраб олган.

Мавзуга оид