Ўз тақдирини Ватан тақдири билан боғлаган ёшлар
Инсон ҳаёти учун қон қанчалар муҳим бўлса, миллат яшаши учун ёшлар шунчалар муҳимдир. Уларни мустақил фикрли шахс этиб тарбиялаш, айниқса аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масаласидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 30 июнь «Камолот» ЁИҲнинг IV қурултойида «Ёшлар иттифоқи»ни ташкил этиш ва бу кунни ёшлар куни деб эълон қилишни таклиф этган эди. Ташкилот ўз олдига қўйилган вазифани уддалаш учун бир қанча лойиҳа ва танловлар орқали ёшларни бир ғоя атрофига бирлаштира бошлади. Ижтимоий фаол ёшлар билан биргаликда, эрта тонгдан (тадбирларга қатнашмасдан) кундалик ишлари билан машғул бўладиган, Ёшлар Иттифоқи таъбири билан айтганда «уюшмаган ёшлар» ҳам бор.
Улар менинг дўстим, сизнинг укангиз, қўшнининг қизи, умуман олганда ҳар ким бўлиши мумкин. Уларнинг ҳам ўз орзулари, интилишлари, мақсадлари бор. Энг муҳими улар ватанни биздан кам севишмайди.
Мана шундай ёшлардан бири — Аброр (24 ёш, ишчи). У янги уй қуришда оиласига ёрдам бериш мақсадида айни пайтда Россияда ишламоқда. Аброр ўзга юртда иложсизликдан юрганини таъкидлар экан, «Неча ёшга киришимдан қатъи назар университетда ўқиб, болаларга таълим бераман. Улар биз кўрган кунларни кўрмасин» деб орзу қилади.
Бўлажак олима
18 ёшли абитуриент Маржона эса ўзбек тилининг «Изоҳли луғати»ни қайта ишлаб чиқиб, ўзбек тилини хорижий талабаларга инглиз тилида ўқитишни хоҳлайди. Маржона билан суҳбатлашиш жараёнида ўзидан бир неча баробар оғирроқ юкни кўтариб, дадил одимлаётган чумоли кўз олдингизга келади. Унинг ўзига бўлган ишончи сизга ҳам юқишни бошлайди.
«Ўн йилдан кейин, Ўзбекистон дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан жой олади. Бунинг учун университетни тамомлаб хорижга кетиш эмас, олган билимини шу ерни ривожлантириш учун сарфлаш керак. Шунда чет элликлар бизга келиб ишлашади», — дейди у.
Куч — адолатда!
Аллақачон ўқитувчилик касбини танлаб улгурган 22 ёшли Муҳаммаднинг ҳаётий шиори: Куч — адолатда!
«Бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик ва ўз ишини виждонан баражариш керак. Бу барча учун қоида», — дея ишонади Муҳаммад.
Бўлар бола бошидан…
Оғабек (6 ёш) билан бўлиб ўтган қисқача суҳбат:
— Келажакда ким бўлмоқчисан?
— Ҳарбий.
Эҳтимол, у ҳарбийликнинг масъулиятини тўла англаб етмагандир. Аммо бу шарафлигини яхши билади.
Турли ёш ва касб эгалари бўлган бу ёшлар дунёни ўзгартира олмас, эҳтимол. Аммо, улкан самолёт учиши учун кичик деталлар ҳам аҳамиятга эга бўлганидек, Ўзбекистон келажагига ўз ҳиссаларини қўша олишига ишонишади. Уларни боғлаб турган ягона ришта бор. Бу — ватанни севиш ва эртасига ишониш. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз Ёшлар!
Элмурод Шарипов
Мавзуга оид
15:18 / 13.11.2024
Ўзбекистон инглиз тили саводхонлиги рейтингида 98-ўринга тушди
21:51 / 29.07.2024
Фарғонада “Мирзо Улуғбек ворислари”га ваъда қилинган мукофот пуллари берилмади, нега?
21:39 / 26.07.2024
Имтиҳонлар тугади. Абитуриентларнинг ярми тестдан йиқилди
12:30 / 25.07.2024