Жамият | 12:40 / 06.07.2019
30084
5 дақиқада ўқилади

Фото: Хонободда «арчалар қабристони»

Баҳаво ва сўлим маскан сифатида «Ўзбекистон Швейцарияси» номини олган Хонобод шаҳри сўнгги икки йил ичида ўзгача қиёфа касб этиб, хорижлик меҳмонларни ҳам ўзига маҳлиё қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Президенти 2018 йилнинг 19-20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида мазкур ҳудудни янада ривожлантириш юзасидан фикр билдирар экан, «Хонобод яқин йилларда ҳам республикамизнинг энг гўзал масканларидан бири эди. Энди у ўзининг аввалги шуҳратини қайтариши лозим», дея таъкидлаганди. Ортда қолган бир йил муддат ичида бу ерда юзлаб замонавий иморатлар қад ростлаб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авж олмоқда.

Хонтоғ этагида жойлашган шаҳарга қилган саёҳатимиз давомида бир олам таассурот ва хотиралар олиш баробарида она табиатга доғ тушириб турган хунук манзара гувоҳига ҳам айландик. Яъни, шаҳар марказий дафн этиш жойининг юқори қисми, «Хонобод» санаторийси орқасидаги чойхона пастида жойлашган адирдаги минглаб арчалар қуриб-қақшаб ётибди. «Арчалар қабристони»ни кезар эканмиз, сувсизликдан қуриб қолган бу арчаларга оби-ҳаёт улашган резина қувурлар ҳам қуёш нурлари таъсиридан яроқсиз ҳолатга келиб қолганига кўзимиз тушди.

Эътиборимизни тортган ушбу ҳолат бўйича маҳаллий аҳоли вакилларининг фикр-мулоҳазаларини эшитдик.

«Ўқитувчи ва пенсионерлардан пул йиғилган»

Хонободдаги мактаблардан бирида ишлаган собиқ ўқитувчининг (у шахси сир тутилишини истади) сўзларига кўра, арчалар 2018 йилнинг март-апрель ойларида экилганди.

«Шаҳримизнинг биринчи ҳокими, жонкуяр меъмори-ю боғбони Солижон Меҳмонов Хонободга 20 йилдан зиёд вақт мобайнида раҳбарлик қилган бўлса, у доим шу ернинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиб, қаерга қандай иш билан бормасин, албатта, турли мевали ва манзарали дарахт кўчатларини олиб келиб, парваришлашни канда қилмаган экан. Бугун у инсон эккан дарахтлар туфайли Хонобод чирой очиб, соя-салқиндан одамлар баҳраманд бўлишяпти. Ҳозирги ҳокимимиз бир йил олдин «Ким ўзини Хонобод фарзандиман, деса бир донадан дарахт эксин», дея ташаббус билдирган. Ўшанда ҳатто ўқитувчи ва пенсионерлардан ҳам мажбурий тарзда арчалар учун пул йиғилган. Савоб ва юрт ободлигига ҳисса қўшиш мақсадида ўша арчаларга пул беришдан оғринмаганмиз. Аммо арчаларнинг ҳозирги аҳволини кўриб, ичимиз жудаям ачишади. Ахир бу ерга кўплаб одамларнинг меҳнати ва маблағи сарфланганди-ку? Наҳотки, уволдан қўрқишмаса?!», дейди у.

Мазкур манзара юзасидан Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиевнинг фикрларини олиш мақсадида унга қўнғироқ қилдик. Ҳокимнинг асаби бузилган пайтда сим қоқдик шекилли, ундан қуйидагича жавоб олдик: «Тошкентда туриб, мен билан қуриган арча ҳақида гаплаша олмайсиз. Сиз авлиёмисиз, қуриган арча тўғрисида сўрасангиз жавоб бераверсам. Сиз кимсиз, «Мен кўриб келдим», деб савол бериб, жавоб оладиган. Савол-жавобингиз бўлса, олдимга келиб, ўша адирда мен билан бирга юринг, қилаётган ишимни кўринг. Мен ҳам журналистика соҳасида ўқиганман...».

«Янги арчалар экилади»

Шундан сўнг шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Азимов билан боғландик.

«Ўтган йилнинг кузида ўтқазилган бу арчаларни кўкартириб бериш кафолатини зиммасига олган Наманган вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси GM Uzbekistan компанияси (ҳозирги UZAUTO MOTORS – таҳр) билан шартнома тузган. Арчалар экилган жой мазкур ташкилотларга бириктирилган. Адир тупроғи доимий қизиб тургани ва у ерларда сув юрмаслиги туфайли томчилатиб суғориш йўлга қўйилган. Лекин кейинроқ сув муаммоси сабаб шу ҳолатга келди. «Хонобод» санаторийси ичидаги қуриган арчаларнинг барчасини баҳорда алмаштиришди. Сиз назарда тутаётган арчалар ўрнига ҳам кузда янгилари экилиши режалаштирилган», дейди у.

Бир қарашда айримлар учун шаҳарнинг мафтункор табиати олдида қуриган арчалар жиддий камчиликдек туюлмаслиги мумкин. Аммо бу тарздаги бепарволик ва ишни чала қолдириш бошқа катта муаммоларга олиб келмаслигига ким кафолат бера олади? Экотуризмни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган бу каби омилларга барҳам бермасак, эртага кеч бўлиши мумкин.

Катта меҳнат ва маблағ эвазига барпо қилинган ушбу «арчалар қабристони» яқин ойларда яна бўстонга айланиб, кўркам манзара ҳосил бўлишига умид қилиб қоламиз.

Миролим ИСАЖОНОВ

Мавзуга оид