Жамият | 13:02 / 11.07.2019
35386
5 дақиқада ўқилади

Мексикалик “меҳмон”: Ундан қандай қутулиш мумкин?

Фото: Wikipedia

Соҳа мутахассисларнинг ёзишича, аслида, уларнинг ватани — Мексика. Аммо 1859 йилда АҚШнинг Колорадо штатидаги картошка далаларида уюштирилган даҳшатли “қирғин”дан сўнг ҳозирги номи берилган. Шимолий америкалик “меҳмон” юртимизга илк бор 1974 йилда Беларусдан келтирилган картошка уруғлиги билан бирга “ташриф” буюрган ва кўринишидан ҳали-бери “қорасини ўчиргиси” йўқ. Янглишмадингиз, гап деҳқонларнинг аллақачон “қўрқинчли туши”га айланган — Колорадо қўнғизи ҳақида. Бу ҳақдаги маълумотларни KUN.UZ’га “Ўздавкарантин” инспекцияси Ахборот хизмати тақдим этди.

Бу балони даф этиш чора-тадбирларига тўхталишдан олдин, ҳашаротни ҳайратланарли хусусиятлари ҳақида билиб олиш зарар қилмайди. Демак, Колорадо қўнғизи уч йилча ҳеч нарса емасдан яшаши мумкин. Жонивор жуда айёр, хавф сезганда ўзини “ўликка” солишдек “фазилатга” эга. Шунингдек, организми унча-мунча заҳарга мослашувчан, яъни тезда унга қарши иммунитет ҳосил қилиб олади.

Қўнғиз Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларидан ташқари, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида тарқалган. Бу зараркунанда картошка баргини кемириб зарар етказади, айрим ҳолларда ҳосилни 50 фоизгача нобуд қилиши мумкин. Яна бақлажон ва помидорга ҳам иштаҳаси чакки эмас. Хўш, улардан қандай қутулиш ёки зарарини камайтириш мумкин?

Пиёз пўстлоғи. Маълум бўлишича, Колорадо қўнғизининг — пиёз, қалампир, хантал, саримсоқ ва ялпизнинг ўткир ҳидига “тоқати” йўқ. Шунинг учун мутахассислар картошкани ушбу ўсимликлар билан алмашлаб экишни тавсия этади. Хусусан, уруғ қадаш жараёнида “чуқурча”га пиёз пўстлоғини ҳам ташлаб қўйиш яхши самара беради.

Қўл “жанги”. Ҳашаротларга қарши курашда яна бир фойдали ва экологик хавфсиз методлардан бири. Уларни қўлда териб чиқиш — кичикроқ ҳамда камсонли “лашкар” йиғилган майдонда, айниқса, қўл келади. Аммо майда личинкаларини териш бироз диққатталаб юмуш. Кўпроқ ўсимлик япроғининг пастки қисмига эътибор қилинг, тўқ сариқ рангли митти кушанда одатда ўша ерга беркинган бўлади.

“Гадонинг душмани — гадо”. Энтомофаг жонзотлар ҳақида эшитганмисиз? Унда билиб қўйинг, бу термин ўзи ҳашарот бўла туриб, айни турдаги “махлуқотлар” билан озиқланадиганларга нисбатан қўлланилади. Масалан, хон қизи, жужелица, қандала, чумоли ва ўргимчаклар — колорадо қўнғизининг табиатдаги ашаддий душманлари ҳисобланади. Аммо уларни уй шароитида эмас, биолабораторияларда кўпайтириш қулайроқ.

Қатрон. Тўғри, унинг ҳиди ўткир ва ёқимсиз, аммо қўнғиз балосидан қутулмоқчи бўлсангиз, чидашга мажбурсиз. Хуллас, 1,5 литрли шиша идишни қайноқ сув билан тўлдирасиз ва унга 10 миллилитр қатрон қўшиб, яхшилаб аралаштирасиз. Кейин шиша қопқоғидан кичиккина “дарча” очиб, гуллаш даврида картошка тупларига ишлов берасиз. Аммо бу усулнинг битта “но” томони бор. Ёмғир ёғиши билан қўнғизлар яна ҳужумга ўтиши мумкин.

Ўсимликлар клиникалари. Қўнғиз, яна ҳозирда тарқалаётган картошка куяси билан курашга киришаётганда, шуни ёдда тутингки, уларни турли заҳарли моддалар билан буткул йўқ қилиш — имконсиз. Ҳар популяция даврида жонини омон сақлашнинг уддасидан чиққан ҳашарот барибир топилади. Бу — ҳар йили навбати билан энг сўнгги авлоддаги препаратларни қўллаш лозимлигини англатади. Бунинг учун, масалан, “Ўсимликлар клиникалари”га мурожаат қилишингиз мумкин.

Фақат одамларни эмас, гулу-гиёҳларни ҳам “даволашади”. Қовжираётган ниҳолга “тез ёрдам” чақириш, эшитган қулоққа ғалати туюлар. Аммо бу турдаги хизматлар қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатларда аллақачон оммалашган. Ўзбекистонда ҳам уларнинг сони 200 га яқинлашиб қолди.

Хуллас, ўзимизники бўлиб қолган “меҳмон”дан қутулмоқчи бўлсангиз, аввало, “фитосанитар маданият”га амал қилинг!

Мавзуга оид