Ўзбекистон | 12:03 / 03.08.2019
197068
2 дақиқада ўқилади

Сариосиё воқеалари: Каримов махсус операциялар бўйича батальонлар ҳарбийларига нима деганди?

Каримов Фонди захирадаги полковник Ботир Абдуллаевнинг Сариосиё воқеалари ҳақидаги хотираларини эълон қилди.

“2000 йил август ойида Ўзбекистон жанубида ҳукумат кучлари жанговар бўлинмалари ҳамда мамлакат ҳудудига суқилиб кирган ЎИҲ халқаро террорчилар тўдаси ўртасида қуролли тўқнашувлар рўй берди. Келажак ҳақида хомхаёлларга берилган жангарилар Ўзбекистонда қонли излар қолдирди, шу билан бирга, улар Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида, қолаверса, Қирғизистон, Афғонистон ва Россияда бир қатор қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширган эдилар”, - дейилади маълумотда. 

Сариосиё воқеалари иштирокчиси бўлган захирадаги полковник Ботир Абдуллаев ўша кунларни бундай хотирлайди:

“2000 йилнинг августи. Ўзбекистон сарҳадига халқаро террорчилар тўдаси ҳужум уюштирди. Мен хизмат қилаётган, ташкил топганига ҳали кўп вақт бўлмаган махсус операциялар бўйича батальонлар жангариларга қарши кураш олиб бораётган эди. 

Кунларнинг бирида Ўзбекистон Биринчи Президенти, Олий бош қўмондон Ислом Каримов бизнинг қисмга ташриф буюрдилар. У киши ёнимизга келиб, оталарча самимият ила муаммолар билан қизиқдилар, яна қандай техника ёки ускуна зарурлигини сўрадилар. Аммо ҳаммасидан ҳам Ислом Абдуғаниевичнинг бизга қарата қилган хитоби мен ва қуролдош дўстларим хотирасида қолди. “Ёдда тутинглар, – дедилар Олий бош қўмондон, – агар кимдир сизларнинг тўғри душман ўқига, тикка ўлимга боришингиз ҳақида буйруқ берганимни айтса, асло ишонманглар: мен ҳозиргача бундай буйруқ бермадим ва бундан кейин ҳам бермайман!”

Сирасини айтганда, асабийлашиш ва қўрқувдан асар йўқ эди. Биз ўша лаҳза қалбимизда ўзимиз ва Олий бош қўмондоннинг кучига ишончни ҳис этдик. Ислом Абдуғаниевичнинг асосий маслаги ҳар қандай йўл билан душман ҳамласини қайтариш эмас, балки мустақил ва дунёвий Ўзбекистон учун жонини беришга тайёр инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш эди”.

Мавзуга оид