Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 август куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнь бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ижобий суръат билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг молиявий ресурсларини жалб қилган ҳолда янги дастурларни илгари суриш масалаларига бағишланган бугунги давра суҳбати муваффақиятли бўлгани алоҳида қайд этилди.
Самарали ҳамкорлик бўйича ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, шунингдек, шериклик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган икки томонлама тадбирлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
ОИИБ президенти давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда мамлакатимизда устувор лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш йўлида аниқ чоралар кўриш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Цзинь Лицюнь мамлакатимиз ва бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор тараққиётини таъминлаш мақсадида банк Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қатъий интилишини таъкидлади.
Банк мамлакатимизда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватламоқда. Бугунги кунда Бухоро вилоятида сув таъминоти ва сув оқизиш тизимларини ривожлантириш, автомобиль йўлларни реконструкция қилиш бўйича умумий қиймати 1,3 миллиард доллардан зиёд бўлган илк инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ишлари якунига етмоқда.
Қорақалпоғистон ва бошқа ҳудудларда ижтимоий, коммунал ва транспорт инфратузилмани модернизация қилиш, саноат корхоналари ва кичик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек, минтақавий савдони ривожлантириш бўйича умумий қиймати 1,6 миллиард доллардан ортиқ истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Мавзуга оид
12:50 / 24.09.2024
ОИИБ Самарқандда ўтадиган йиллик йиғилиши дастурини эълон қилди
12:16 / 14.09.2024
Самарқандда ОИИБ бошқарувчилар кенгаши йиллик йиғилиши ўтказилади
20:01 / 22.06.2024
Иссиқ иқлимга мос йўл қопламаси: ОИИБ 165 млн долларга Бухородаги абгор йўлни таъмирлаяпти
13:38 / 01.05.2024