Ўзбекистон | 12:26 / 22.08.2019
8287
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилояти хорижий инвесторлар учун илк бор ўз эшикларини очмоқда

Бугун, 22 август куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорлигида I Халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Мазкур нуфузли тадбирда хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчилари, дипломатик корпус ҳамда ҳукумат вакиллари, 200 нафардан ортиқ хорижий компания раҳбарлари иштирок этмоқда.

Форум ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар билан таништириш мақсадида вилоятда илк бор ташкил этилмоқда.

Ушбу форумда 200 миллион доллардан зиёд инвестицион ва экспорт шартномаларининг имзоланиши кутилмоқда. Бундан ташқари, бугунги тадбирда Гулистон шаҳридаги Марказий юрт байроғи майдонида ўрнатилган баландлиги 65 метр бўлган Юрт байроғи рамзий кўтарилади ҳамда «Гуллар фестивали», «Қушлар кўргазмаси» ва «Қовун сайли» каби кўрик танловлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Сирдарё вилоятида бугунги кунда 138та хорижий ҳамкорлар иштирокидаги корхоналар ўз фаолиятини юритмоқда. Сўнгги вақтларда вилоятда ўзининг бизнесини йўлга қўйиш истагидаги хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар сони ошиб боряпти. Хусусан, Хитой, Россия, Италия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирлиги, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа давлатларнинг компаниялари вакиллари ташриф буюриб, турли соҳаларда шахсий бизнесини олиб бориш бўйича келишувларга эришилган.

Шунингдек, жорий йилда вилоят делегацияси Хитой, Италия, Ҳиндистон ва Беларусь давлатлатларида бўлиб, қарийб 100 млн. долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишув битимларини имзолади. 

Мавзуга оид