Ўзбекистон | 19:24 / 26.08.2019
11647
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қидирувдаги шахс паспортининг амал қилиши суд қарори билан тўхтатилиши мумкин

Ўзбекистонда қидирувдаги шахс паспортининг амал қилиши суд қарори билан вақтинча тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Мазкур ўзгаришни назарда тутувчи қонун Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида маъқулланди.

Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгаришларга мувофиқ, эндиликда:

  • Айбланувчи ёки судланувчи паспортдан (ҳаракатланиш ҳужжатидан) фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши ёки хорижда ҳаракатланиши мумкин, деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, мазкур паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши суд қарори билан тўхтатилиши мумкин.
  • Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиш айбланувчи, судланувчи суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш; унинг бундан буёнги жиноий фаолиятининг олдини олиш; ҳукмнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
  • Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатнинг) амал қилишини тўхтатиш фақат давлатлараро ёки халқаро қидирув эълон қилинган айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қўлланилади.

Аниқлик киритиш жоиз, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиш деганда паспортнинг, биометрик паспортининг ва фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилишини вақтинчалик тўхтатиш тушунилади.

Айблов ҳукми чиқарилганда ёки ЖПКнинг 84-моддаси асосида айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят иши тугатилганда, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг қарорига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда янги паспорт (ҳаракатланиш ҳужжати) берилиши билан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тикланади.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Сенат ялпи мажлисида қонунчиликдаги мазкур янгилик қуйидаги рақам ва маълумотлар билан асослантирилган.

Ўзбекистонда 2017 йилда умумий жиноятчилик 16 фоизга (87 412 - 73 692), 2018 йилда эса ‒ 33,5 фоизга (73 692 - 49 011) камайишига эришилди. Шунга қарамай, айбланувчининг, судланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниши мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни, шу жумладан, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалда таъминлашга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2015 йилда 22,9 минг нафар қидирувдаги шахслардан 10,8 минг нафари (47,2 %) ушланган бўлса, бу кўрсаткич 2016 йилда 47,5 %ни (11,2 / 23,6), 2017 йилда ‒ 36 %ни (6,7 / 18,6), 2018 йилда ‒ 38 %ни (5,2 / 13,7) ташкил этган.

Бундан ташқари, оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб, тергов ва суддан яширинган қидирувдаги шахсларнинг салмоғи юқорилигича қолмоқда.

Жумладан, 2019 йилнинг 1 апрель ҳолатига, қидирувда бўлган 7 650 нафар шахсдан 74,2 фоизи (5 676 нафари) оғир ва ўта оғир жиноятни содир этган шахсларни ташкил этган.

Шу билан бирга, қидируда бўлган шахсларнинг қарийб 50 фоизи (3 798) 5 йилдан ортиқ муддатда қидирилмоқда (231 нафари ‒ 20 йилдан ортиқ, 773 нафари – 15-20 йил, 967 нафари – 10-15 йил, 1 818 нафари – 5-10 йил, 3 861 нафари 5 йилгача).

Қидирувда бўлган шахсларнинг 7 239 нафари ёки 93 фоизига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ва 311 нафарига (7%) – муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат қўлланилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетган 5 397 нафар (66 %) қидирувдаги шахслардан 3 нафари ‒ Беларусь, 7 нафари ‒ Украина, 90 нафари ‒ Европа Иттифоқи давлатлари, 1 358 нафари ‒ араб давлатлари, 1 401 нафари ‒ Марказий Осиё давлатлари, 2 226 нафари ‒ Россия ва 192 нафари ‒ бошқа давлатлар ҳудудларида аниқланган.

Содир этилган жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ва жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қидирувдаги шахсларни қидириш учун катта куч ва воситалар жалб этмоқда.

Хусусан, 2015-2018 йиллар давомида 1 457 (361-364-382-350) нафар қидирувдаги шахсларни республикага экстрадиция қилиш учун давлат бюджетидан қарийб 30 млрд. сўмга яқин пул маблағлари зарфланган.

Бундан ташқари, қидирувда бўлган шахслар томонидан содир этган жинояти бошқа давлат қонунчилигига асосан жиноят деб топилмаслиги, бундай тоифадаги шахслар бошқа давлат фуқаролигини қабул қилганлиги ёки қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаганлиги сабабли қидирувдаги шахсларни ушлаб бериш ҳақидаги сўровлар ижро этилмаслигига олиб келмоқда.

Айнан шундай асослар билан 320 нафар қидирувдаги шахсларни ушлаб бериш ҳақидаги сўровлар хорижий давлатлар томонидан рад этилган (37 нафари ‒ хорижий давлат қонунчилигига кўра жиноят эмаслиги, 48 нафари ‒ қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилмаганлиги, 235 нафари ‒ бошқа давлат фуқаролигини қабул қилганлиги).

Хорижий давлатлар қонунчилиги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, АҚШ, Канада, Германия, Франция, Норвегия, Польша, Бельгия, Туркия, Словения, Корея, Сингапур, Вьетнам, Австралия, Янги Зеландия, Грузия ва бошқа қатор давлатларда жиноят иши бўйича айбланувчиларни (судланувчиларни) суддан яширинишинининг олдини олиш, қидирувда бўлган шахсларни хорижий давлатларда ҳаракатланишини чеклаш ва ўз юртига қайтариш мақсадида фуқаролик паспортини (ҳаракатланиш ҳужжатини) бекор қилиш амалиёти кенг қўлланилиб келинмоқда.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши билан:

– экстрадиция қилишнинг имкони бўлмаган қидирувдаги шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи таъминланади;
– қидирувда бўлган шахсларнинг салмоғини камайтиради ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга хизмат қилади;
– экстрадиция қилиш учун Давлат бюджетидан кетадиган харажатларни тежаш имконини беради. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган қонун Сенатда 24 август куни маъқулланди. Ҳужжат президент томонидан имзоланиб, расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мавзуга оид