Ўзбекистон | 19:30 / 06.09.2019
15879
2 дақиқада ўқилади

«Qanot Sharq» Sukhoi Superjet самолётларини сотиб олиш мажбуриятини олмаганини маълум қилди

«Qanot Sharq» Россиянинг Sukhoi Superjet 100 самолётларини сотиб олиш мажбуриятини олмаган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири билан суҳбатда компания муассиси Носир Абдуғаффоров маълум қилди.

Аввалроқ Россия матбуотида «Qanot Sharq» «Гражданские самолети Сухого» компанияси билан учта Sukhoi Superjet 100 самолёти етказиб бериш бўйича шартнома тузгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.  

«Бу шунчаки мақсад тўғрисидаги протокол. Бирор нарса ҳақида ёзишдан олдин унга холисона ёндашиш лозим. Ҳеч қандай мажбурият олмаганмиз, бу қатъий шартнома эмас. Ёзаётганлари нотўғри. Биз авиация техникаси танлаш жараёнидамиз», – деди Абдуғаффоров.

«Ўрганиш жараёнида ошкор қилмаслик тўғрисида ва мақсадлар тўғрисида келишувлар тузилиши мумкин. Шундан кейин гўёки биз самолёт сотиб олмоқчилигимиз тўғрисидаги тушунарсиз мақолалар пайдо бўлди», – деди Kun.uz суҳбатдоши.

Абдуғаффоров компания авиация техникаси танлашда шошилмаслигини таъкидлади.

«Самолёт танлаш масаласида жараён бормоқда. Биз уни тезлатмаяпмиз. Биз бошқа масалалар бўйича ҳам жавоб олишимиз керак. Айнан қандай самолёт сотиб олишимизни айтолмаймиз», деди у. 

У шу билан бирга компания йўл харитасидан Канаданинг Bombardier самолёти чиқариб ташланганини маълум қилди. Компания ҳозирда Embraer (Бразилия) ва Sukhoi (РФ) компаниялари техникалариникўриб чиқмоқда.

«Qanot Sharq» Ўзбекистонда ҳудудий авиакомпания ташкил этишни режалаштирмоқда.

 Компания 1998 йилда рўйхатга олинган ҳамда юк ва йўловчи авиаташувларига ихтисослашган. 2003 йилдан 2012 йилгача компания «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКдан Ил-76 самолётларини ижарага олган ва Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиакомпания ўлароқ ўз чартер рейсларини амалга оширган. Компания 150 мингдан ортиқ йўловчи ташиган. Барча Ил-76 самолётлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ўтказилгач, Qanot Sharq’нинг эксплуатантлик сертификати тўхтатилган.

Мавзуга оид