Ўзбекистон | 19:49 / 10.09.2019
19155
2 дақиқада ўқилади

Нега талабалар турар жойларида ўрин етишмайди? Вазирлик масъуллари муносабат билдирди

10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий таълим вазирлиги масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Олий таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов журналист томонидан вилоятлардан пойтахтга ўқиш учун келган талабаларга университетлардаги турар жойларда ўрин етишмаётгани бўйича берилган саволга жавоб қайтарди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон бўйича умумий ҳисобда 55 минг ўринга эга бўлган 189та талабалар турар жойи мавжуд. Ҳозирда республика бўйича таҳсил олаётган умумий 414 минг нафар талабадан ўртача 80 минг нафари турар жойга эҳтиёж сезади. Демак, талабнинг 40 фоизи қондирилмай қолмоқда.

«Талабалар турар жойлари давлат дастури асосида қурилади. Ҳозирги талабни қоплайдиган турар жойлар қурилиши учун 3,5 триллион сўм маблағ талаб этилади. Олий таълим муассасасининг ўзи талабалар турар жойи харажатларини кўтара олмайди, бунинг учун давлатдан қўшимча маблағ ажратилади. Ҳозирги харажатлар билан барча талабни бирданига қондириш қийин. Талабалар турар жойлари босқичма-босқич кўпайтирилмоқда. Мисол учун, 2019 йилда 7та талабалар турар жойи қуриб, фойдаланишга топширилди. Талабалар турар жойларини қуришда давлат-хусусий шерикчилигига ҳам эътибор қаратилмоқда. Бунга тадбиркорларни жалб қилиш, бинонинг биринчи қаватидан рухсат берилган мақсадларда фойдаланган ҳолда, талабалар учун турар жойлар фаолиятини йўлга қўйиш масаласи кўрилмоқда», дея Бузрукхоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Ғанишер Раҳимов ҳам масала юзасидан фикр билдирди.

«Ҳар ўқув йилида талабаларга чекланган сондаги турар жойни тақсимлаб бериш муаммо бўлади. Шу боис, турар жой биринчи галда муайян меъёрларга тўғри келувчи талабаларга, яъни ногиронлар, кўзи ожизлар, чин етимлар, кам таъминланганлар, узоқ вилоятдан келганларга берилади. Бугунги кунда бир-икки оғиз илтимос билан талабаларни турар жойга жойлаштириб бўлмайди», дейди у.

Мавзуга оид