Ўзбекистон | 13:45 / 11.09.2019
59319
3 дақиқада ўқилади

Сенатор Ўзбекистонда тўй қилувчи тарафлар ўртасида «Тўй шартномаси» тузишни таклиф қилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда “Никоҳ шартномаси” тузилиши мажбурий жорий этилиши зарур. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова айтиб ўтди, деб ёзмоқда ЎзА.

Қайд этилишича, Халқ демократик партияси ўз электорати манфаатлари ҳимояси йўлида, хусусан, аҳоли кенг қатламлари талаб-истакларини ўрганиб, оилалар фаровонлигини таъминлаш, улардаги ажралишларнинг олдини олиш, меҳнат билан топилган маблағларни фарзандлар камоли учун сарфлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан меъёрий ҳужжат ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблайди.

Билдирилишича, Сенат томонидан қабул қилиниши лозим бўлган меъёрий ҳужжатда қуйидаги масалаларга аниқ ечим берилиши лозим:

Биринчидан, Сенат томонидан мамлакатимизда тўй ва бошқа маросимларда ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик, исрофгарчиликнинг олдини олиш, сохта обрў қозониш мақсадида, бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга барҳам бериш, ҳар бир ҳудуднинг ўз яхши анъаналарини ҳисобга олган ҳолда, тўй ва маросимларнинг аниқ меъёрини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиниши лозим.

Иккинчидан, никоҳланувчилар ўртасида иккала томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган, оилавий ҳаётда ва ажрим рўй берган ҳолатда бажарилиши зарур бўлган вазифалар аниқ белгиланган “Никоҳ шартномаси” тузилиши мажбурий жорий этилиши зарур.

Учинчидан, тўй қилувчи иккала тараф ўртасида томонларнинг вазифалари ва мажбуриятлари аниқ кўрсатилган, Олий Мажлис Сенати Қарори талаблари асосида тузилган “Тўй шартномаси” амалга татбиқ қилиниши керак.

Тўртинчидан, тўй ва бошқа маросимларнинг Сенат қарори асосида ўтказилиши назорати маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ҳудудий ички ишлар органлари томонидан назорат қилиниши керак.

Бешинчидан, барча жамоат ташкилотлари, вазирликлар, оммавий ахборот воситалари томонидан аҳоли орасида дабдабабозлик ва исрофгарчиликка қарши тарғибот ишлари олиб борилиши керак.

Олтинчидан, бу ишларда барча даражадаги раҳбар ходимлар шахсий намуна кўрсатишлари лозим.

Мавзуга оид