Ўзбекистон | 19:04 / 12.09.2019
4066
4 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазири «Беларусь» юқори технологиялар парки раҳбарини қабул қилди

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов 11 сентябрь куни «Беларусь» юқори технологиялар паркининг Кузатув кенгаши раиси Всеволод Янчевский бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беларусь Республикасига жорий йилнинг 31 июль-1 август кунлари амалга оширган расмий ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев «Беларусь» юқори технологиялар парки фаолияти билан танишиб, технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш ва тажриба алмашиш бўйича алоқаларни кенгайтириш юзасидан таклиф илгари сурганди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

2005 йилда ташкил этилган «Беларусь» юқори технологиялар парки Марказий ва Шарқий Европадаги энг йирик АТ-кластерларларидан бири бўлиб, ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган компанияларга имтиёзлар ва имкониятлар берувчи мажмуа ҳисобланади. Уни ташкил этишдан мақсад эса мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишдир.

И. Абдураҳмонов Давлат раҳбарининг мазкур технопарк резидентлари тажрибасини юртимизда татбиқ қилиш ташаббусларини бажариш муҳимлигини таъкидлади.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

– Беларусcиянинг технопарклар, инкубаторлар, стартап лойиҳаларини амалга ошириш тажрибаси Ўзбекистон учун ўрнакдир, – деди вазир. – Ҳамкорликда юқори технологияларига асосланган қўшма стартап лойиҳаларни амалга ошириш юртимиз стартап экотизимини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, «Беларусь» юқори технологиялар парки резидентларимиз ахборот-коммуникацион технологияларни экспорт қилувчи, маҳаллий ёки хориждан янги инвестицияларни жалб қилувчи, янги технологиялар ва инновациялар яратувчи, кичик ва истиқболли лойиҳаларни ривожлантирувчи, инновацион муҳит шаклланишига ҳисса қўшувчи компаниялардан иборатдир.

В. Янчевский юртимизда таълимга ва инновацион ривожланишга алоҳида аҳамият қаратилаётганига юқори баҳо берди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

— Дунёда стартап компанияларининг атиги ўн фоизигина даромад келтиради, – деди В. Янчевский. – Аммо бизнинг технопаркнинг резидентлари ва стартап лойиҳаларининг барчаси ҳозирда киритилган инвестициядан бир неча ўн баравар миқдорида даромад бермоқда. Бунинг сабаби стартап лойиҳаларга бизнинг ўзгача ёндашувимиз бўлди. Биз шунчаки ғоя билан келган, тажрибасиз лойиҳа муаллифларига эмас, балки йирик маҳаллий ва етакчи хорижий компанияларида тажриба орттирган, ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлган стартапчилар молиялаштириб, уларни қўллаб-қувватладик. Натижада бирорта лойиҳамиз муваффақиятсиз бўлмади.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Дарҳақиқат, бугунги кунда “Беларусь” ЮТП дастурлаш, ахборот технологиялари, иқтисодиёт тармоқлари учун инновацион ечимлар, консалтинг ва бошқа йўналишларда етакчи марказлардан бирига айланган. Бу ерда ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотларнинг 90 фоиздан зиёди экспорт қилинмоқда, 67 мамлакат компаниялари уларнинг буюртмачилари ҳисобланади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги робототехника ҳамда таълим ва туризм соҳаларида виртуал реаллик технологиясини қўллаш борасида қўшма лойиҳалар амалга ошириш таклифини илгари сурди. Томонлар тез суръатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишдилар.

Мавзуга оид