Ўзбекистон | 00:49 / 14.09.2019
29038
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида кўчма фоторадарлар сони кўпайтирилди

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати

Тошкент вилояти кўчаларида белгиланган тезлик меъёридан ошириб ҳаракатланаётган автомобилларни аниқлаш мақсадида кўчма фодорадарлар сони кўпайтирилди. Тошкент шаҳрини барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи автомобил йўллари Тошкент вилояти ҳудудидан ўтади. Айрим ҳайдовчилар Тошкент шаҳрига қисқа вақтда бориб, тезроқ ишларини битириб, ортга қайтиш мақсадида тезликни белгиланган меъёридан ошириб юборади. Бу, ўз навбатида, турли оғирликдаги йўл-транспорт ҳодисаларига олиб келмоқда, деб хабар қилади Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати. 

Ҳозирги кунда Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида М-39 автомобиль йўли, А373 “Тошкент-Ўш” ҳамда 4Р12 “Бектемир-Чирчиқ-Ғазалкент-Чорбоғ” автомобил йўли, 4Р2 “Тошкент ш.-Тўйтепа ш.-А373 автойўли” ва асосий оғир йўл транспорт ҳодисалари содир бўладиган 4Р20 “Қорасув-Бўка-Бекобод” автомобил йўлларида онлайн режимда ишловчи 8та кўчма фоторадарлар қўлланилмоқда. Халқ тили билан айтганда “уч оёқли радар”лар сутканинг 24 соати мобайнида 4000дан ортиқ тезликни меъёридан ошириш ҳолатларини аниқлаб, қоидабузарлик тўғрисидаги маълумотларни “Ўзбекистон почтаси” орқали қоидабузарликни содир этган ҳайдовчи ёки юридик шахснинг манзилига юборилмоқда. 

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати

Шу муносабат билан Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси белгиланган тезликни ошириб, ҳам ҳаётга, ҳам ҳамёнга зиён етказмасликни тавсия қилади. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид