«Марказ – 2019» стратегик қўмондонлик-штаб ўқувлари очиқ деб эълон қилинди
Кеча, 15 сентабрь куни Оренбург вилоятида (Россия) жойлашган “Донгуз” полигонида “Марказ – 2019” ҳарбий стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарига кўра, унда Россия Федерацияси мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-лейтенант Юнус-Бек Евкуров, Россия Федерацияси Марказий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони генерал-полковник Александр Лапин, Марказий ҳарбий округ қўшинлари ва ўқув машқларида иштирок этаётган хорижий ҳарбий контингент вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
“Ўқув машқларининг асосий мақсадларидан бири – ҳарбий ҳамкорликни янада кучайтиришдир. Шунингдек, ҳар қандай таҳдидларга, шу жумладан, халқаро терроризмга қарши туришга тайёр эканлигимизни яна бир бор намойиш этиш. Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифадир. Шубҳасиз, ушбу ўқув машқлари мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшади”, – деди генерал-лейтенант Юнус-Бек Евкуров.
Шундан сўнг хорижий ҳарбий контингентлар раҳбарлари сўзга чиқишди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Ҳабибулло Аббосов ўз нутқида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти номидан бундай самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва ушбу тадбирнинг муҳимлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Тантанали табрик қисми тугагач, кетма-кетлик билан Россия Марказий ҳарбий округи қўшинлари, сўнгра Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Покистон ҳарбийлари трибуна олдидан тантанали марш билан ўтишди.
Ҳарбий машқлар давомида Марказий Осиё минтақасида халқаро терроризмга қарши курашиш вазифаларини биргаликда бажариш, ҳарбий кучларнинг Россия Федерацияси ва Марказий Осиё минтақаси давлатлари миллий манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлигини намойиш этувчи давлатлар қўшинлари (кучлари) гуруҳларидан самарали фойдаланиш режалари кўриб чиқилади.
Машғулотнинг биринчи босқичида Ўзбекистон ва Тожикистон қуролли кучлари штаб офицерлари биргаликда ўқув-жанговар вазифани бажаришни режалаштириш масалаларига тўхталади. Икки давлат шартли равишда ўз жанубий чегараларида куч гуруҳлари томонидан келишилган ҳаракатларни олиб боради. Иккинчи босқичда эса “Донгуз” полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий контингентларининг қўшма ҳаракатларини амалда ишлаб чиқилади.
Ушбу ўқув машқларида 100 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар иштирок этмоқда. Бу, албатта, хориж давлатлари билан ҳарбий ҳамкорликнинг кенгайиши, жанговар тайёргарлик бўйича тажриба алмашиш ва бошқарув органлари ишларининг ягона алгоритмини ишлаб чиқишда қўл келади.
Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, машғулотларда жами 128 мингга яқин ҳарбий хизматчи, 20 мингдан ортиқ ҳарбий техника ва қуроллар, 600 га яқин учар техника иштирок этади.
Мазкур ўқувлар билан бир вақтда “Ғурумсарой” (Ўзбекистон) полигонида шартли террорчи гуруҳларни йўқ қилиш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилади. Бу ерда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий бўлинмалари “Марказ-2019” ўқувлари доирасида ўз мамлакатларининг жанубий чегараларида шартли равишда вазият беқарорлашувининг олдини олиш масалаларини биргаликда ҳал этади.
Мавзуга оид
13:53 / 21.09.2019
«Донгуз» полигонида «Марказ—2019» ҳарбий ўқувларининг асосий фазаси бўлиб ўтди
08:46 / 21.09.2019
«Ғурумсарой» полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари ҳамкорлигидаги стратегик ўқувлари якунланди
14:40 / 15.09.2019
Россияда 128 мингга яқин ҳарбий хизматчилар иштирокида машғулотлар ўтказилади
11:10 / 08.09.2019