ТАТУдаги «троллар» машмашаси. Университет вакиллари нега бир-бирига зид изоҳлар беришмоқда?
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда «тролл» атамаси тез-тез ишлатилмоқда. Троллинг фаолияти шундай фаолиятки, унда исталган шахс сохта ва аниқлаш имконияти йўқ ёки қийин бўлган аккаунтлар орқали ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларга, янгиликларга ўзининг салбий ёки ижобий фикрларини бериб боради. Одатда бу фаолият маълум мақсадларни кўзлайди. Тролл атамаси кўпинча салбий образларда гавдаланиб келмоқда.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
16 сентябрь куни журналист Дилбар Исматуллаеванинг блогер Нурбек Алимовга йўллаган мурожаати унинг телеграм каналида «Хоин ким?!» сарлавҳаси остида эълон қилинди. Унда Тошкент ахборот технологиялари университетида «троллар фабрикаси» тузилгани ҳақида айтилган.
Исматуллаеванинг сўзларига кўра, унга Тошкент ахборот технологиялари университетида проректор ёрдамчиси бўлиб ишлайдиган танишларидан бири қўнғироқ қилган ва унга ижтимоий тармоқларда ватанини ҳимоя қилиши учун ҳақ тўланадиган иш таклиф қилган. Ундан пул эвазига сохта аккаунтлар очиш, интернетда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар бўйича салбий руҳда фикр билдирганларга жавобан ижобий мазмундаги комментлар ёзиш сўралган. Кейин уни ишончли одам сифатида Telegram’даги «Группа 4» деб номланган гуруҳга қўшишган. У гуруҳга қўшилишидан бир соат вақт ўтиб гуруҳдан чиқариб юборилган. Лекин у бу вақт ичида ёзувлардан «скрин» олишга улгурган.
Суриштирувда ушбу гуруҳ Тошкент давлат ахборот технологиялари университети ўқув ишлари бўйича проректори Файзулла Агзамов томонидан юритилиши, у гуруҳ аъзоларига постлар остига қандай изоҳ қолдириш ҳақида топшириқ бериб бориш билан шуғуллангани маълум қилинган. У айниқса, президент ва бош вазир номига билдирилган негатив фикрларга муносиб жавоб қайтариш кераклигини таъкидлаган. Унга эса ижтимоий тармоқдаги энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзулар ҳаволаси «A.Khodjaev» номидаги профил томонидан жўнатиб турилган.
Гуруҳнинг фаол аъзоси, университет матбуот хизмати котиби Ғулом Назаров гуруҳнинг бошқа аъзоларига сохта аккаунтлар сони кўп бўлиши лозимлиги, уларга доимий равишда янги расмлар жойлаб бориш кераклиги, акс ҳолда сохта аккаунтлиги билиниб қолиши мумкинлиги, ҳеч ким уларнинг «тролл» эканини билиб қолмаслиги кераклигини тушунтирган. Гуруҳ аъзолари юқоридаги кўрсатмаларни тушунганликларини тасдиқлашган.
Дилбар Исматуллаеванинг айтишича, проректор ёрдамчиси сифатида ишлайдиган таниши орадан бироз вақт ўтгач унга Telegram орқали пул ҳақида ёзиб қолган.
У Дилбарга ўшанда иш бошлаганида ҳозир 200 АҚШ доллари миқдорида пул олган бўлиши мумкин бўлганини айтиб, ўзи эса шу вақт ичида 800 АҚШ доллари атрофида маблағ олганини билдирган.
Дилбар Исматуллаева бундай гуруҳлар сони кўп бўлиши мумкинлигини қўшимча қилиб, уларга молиявий ёрдам қаердан келаётгани, бу лойиҳанинг бошида ким турганини савол остига олган.
Kun.uz бу масалада изоҳ олиш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университети ўқув ишлари бўйича проректори Файзулла Агзамов билан боғланди.
Унинг сўзларига кўра, бундай лойиҳалар ҳар йили талабалар томонидан турли соҳаларда юритилади. У «Группа 4» ҳам шу мақсадда ташкил этилгани, гуруҳ аъзолари универститетнинг турли факультетларида таҳсил олувчи талабалар бўлиши талаб этилишини айтиб ўтган. Бу кейинчалик қўйилиши мумкин бўлган истеъмолчилар талабидан келиб чиққан.
У гуруҳ номи нега «Группа 4» деб номланганига изоҳ бера туриб, бу 4 нафар ташаббускор талаба билан боғлиқлигини айтиб ўтди.
«Университет ахборот соҳасида фаолият юритадиган университет бўлгани боис университет томонидан бошқариладиган тўртта ёки бешта телеграм каналлари мавжуд. Ушбу каналлар талабаларга университет соҳасига оид маълумотлар бериб бориш мақсадида ташкил этилган.
Бу қизимиз гуруҳга аъзо бўлиш вақтида психологик томондан савол-жавоб қилиниб, молиявий тарафдан сўз очилганда ўз розилигини билдирган. Бизга бундай иштирокчи керак эмаслигини тушундик. Чунки, ҳали бу лойиҳа ишлаб кетадими ёки йўқ билмаймиз. Эртага мен ёки иштирокчилардан пул сўраши мумкинлиги сабабли бу қизимиз синовдан ўтмади. Бундан ташқари, бу қиз университет талабаси ҳам эмасди ва унда ватанпарварлик ҳисси ҳам жўш уриб турмасди. Шу сабабли уни гуруҳдан чиқариб юбордик», - дейди проректор.
Проректордан нега турли нашрларда чиққан материаллар остига изоҳлар ёзиб қолдириш учун гуруҳга ташлангани ҳақида сўрадик. У бу саволга жавобан таълимда билим билан бирга тарбия ҳам берилиши, ижтимоий тармоқларда ватанпарварлик ҳисси камайиб кетаётгани ва билдирилаётган салбий фикрларга ижобий жавоб қайтариш фуқаро сифатида вазифаси эканини айтиб ўтди.
Нега айнан сохта аккаунтлар орқали жавоб қайтариш зарур бўлгани ҳақидаги саволга эса тайинли жавоб ололмадик.
Шунингдек, у «A.Khodjaev» профили кимники сўралганда, у ўз шогирди, университетда ўқийдиган «Азат» исмли талаба эканини айтди. Лекин «Азат» билан учраштиришни ёки у ростан ҳам университетда ўқишини тасдиқловчи бирор ҳужжат кўрсатишини сўраганимизда, хавфсизлик нуқтаи назаридан бунинг иложи йўқлигини билдирди.
У маблағ масаласига тўхталиб, университетда бундай лойиҳаларга маблағ йўқлиги ва маблағ топилса университет ўқитувчи-профессориларнинг ойлигини оширишга йўналтирилишини қўшимча қилди.
Ижтимоий тармоқда «ғаламис» фикрларга жавобан ёзилган комментлар «скрин» қилиниб гуруҳга ташланиши масаласини эса у одатда ижобий комментлар ўчириб юборилиши билан изоҳлади. Бироқ ректор ўринбосари нима сабабдан изоҳлар «скрин» қилинишини тўлиқ тушунтириб бера олмади.
Шундан сўнг, гуруҳ аъзоси, университет матбуот хизмати котиби Ғулом Назаровдан ҳам изоҳ олдик.
У бу гуруҳга қандай тушиб қолгани ва бошқа ҳолатларни тушунтиришга ҳаракат қилди. Айтишича, у гуруҳга август ойининг охирларида аъзо бўлган. Гуруҳ ташкил қилинишидан асосий мақсад таълим ва амалиётни бирлаштириш бўлган. Шунингдек, у журналист Дилбарни танимаслиги ва гуруҳда танийдиган инсонлари камлигини билдирди. Бироқ у проректор айтган талабани - «Азат»ни танимаслигини ҳам маълум қилди.
Юқоридаги изоҳларга қарамай барибир жуда кўп саволлар очиқ қолмоқда. Бу лойиҳадан асл мақсад нима? Нега талабаларга сохта аккаунтлардан кириб изоҳ ёзиш кўрсатма қилинмоқда? Гуруҳдаги «A.Khodjaev» профилининг эгаси аслида ким? Нега университет буни яширмоқда?
Проректор гуруҳга университет талабалари аъзо қилинишини айтди, лекин унда гуруҳга ташқаридан, журналист қиз қандай қилиб қабул қилинган? Эълон қилинган материалнинг аудиоёзувларидаги мулоқотда бу баёнотнинг умуман акси айтилмоқда. Бу ерда асл ёлғончи ким? Техника ютуқларини яратиши керак бўлган университет талабалари нега бундай лойиҳалар билан банд? Матбуот котиби айтган гап тўғри бўлса, нега гуруҳ аъзолари бир-бирини танимайди?
Агар лойиҳага ростдан ҳам хориж валютасида нақд пул кўринишида маблағ ажратилаётган бўлса, бунинг ортида ким турибди ва уни ким мунтазам равишда молиялаштириб бормоқда?
Мазкур ҳолат билан албатта тегишли ташкилотлар шуғулланиб, қўйилган саволларга ойдинлик киритади деган умиддамиз.
Юқоридаги видероликда батафсил маълумот олишингиз мумкин
Зафарбек Солижонов,
оператор Шерзод Эгамбердиев
Мавзуга оид
18:52 / 13.08.2024
“Талабаларим олдида уялиб қолмаслик учун тил ўргандим” – 67 ёшида инглиз тилидан B2 даражасини олган отахон
19:00 / 10.04.2023
Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиаллари иштирокида «ТАТУ ёш олимлари» I-форуми бўлиб ўтмоқда
15:30 / 03.04.2022
Тошкент ахборот технологиялари университетида Наврўз байрами кенг нишонланди
19:14 / 09.03.2022