«Ғурумсарой» полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари ҳамкорлигидаги стратегик ўқувлари якунланди
Шарқий ҳарбий округга қарашли «Ғурумсарой» дала-ўқув майдонида ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар иштирокида «Марказ–2019» доирасида ўтказилган қўмондонлик-штаб стратегик ўқувлари якунланди, дейилади Мудофаа вазирлигининг ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти томонидан Kun.uz’га тақдим этилган маълумотда.
Икки давлат ҳарбийлари қўмондонлик кузатуви остида ўзларига топширилган жанговар вазифани муваффақиятли якунлади. Ўқув машғулотлари шартли жангарилар тўдасини бартараф этиш сценарийси икки эпизодли кўриниш остида ўтказилди.
Дастлаб икки давлат ҳарбийларидан иборат махсус гуруҳ террорчилар томонидан эгаллаб олинган шартли ҳудудни тозалаш ва у ердаги гаровга олинган тинч аҳоли вакилларини озод этиш операциясини бажаришди. Махсус тоғ-тайёргарлик, мерганлар ва вертолёт ёрдамида етиб келган ишғол гуруҳлари зирҳли машиналарда ҳаракатланган гуруҳни қўллаб-қувватлаб турди. Гуруҳларнинг ўзаро уюшқоқлик билан ҳаракат қилиши натижасида шартли аҳоли яшаш ҳудуди жангарилардан бутунлай тозаланиб, гаровга олинганлар озод этилди.
Машғулот режасига асосан, иккинчи кўринишда ноқонуний қуролланган шартли жангарилар гуруҳи Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида ҳаракатланаётгани ҳақида разведка маълумотлари олинди. Шартли душманнинг қайси давлат ҳудудида эканлиги ноаниқлиги сабаб, икки давлат ҳарбийлари чегара ҳудудида бир вақтда разведка-қидирув ишларини бошлаган ҳолда ҳаракатланди. Махсус-тактик операция давомида икки давлат бўлинмалари ҳарбий авиация, енгил зирҳланган машиналар ва артиллерия қўшинлари кўмагида жангарилар тўдасига қарши пухта ишлаб чиқилган режа асосида, қўққисдан кенг кўламли зарбалар беришди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг биргаликда махсус-тактик амалиётларни олиб бориши, террористик хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш имкониятини берди.
Машғулот ўтказилган майдонда тактик ўқувларнинг самарадорлигини ошириш учун шартли чегара ҳудуди ташкил этилиши ҳам машғулотларнинг реал вазиятда ўтишини таъминлади. Халқаро қўмондонлик-штаб стратегик ўқувлари олдин ўтказилган машғулотлар ҳам бўлинмаларнинг ўзаро уюшқоқлик билан ҳаракат қилишини ва террорчиларни йўқ қилиш операциясининг самарадорлигини оширди.
Шунингдек, ҳар икки машғулотга Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги тез тиббий ёрдам хизмати, Наманган вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Чуст тумани ҳарбийлашган ёнғин хавфсизлиги бўлими ҳам жалб этилди. Улар операция якунида жангарилардан тозаланган шартли ҳудудда ўзларига топширилган вазифани бажаришди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида ташкиллаштирилган «Марказ–2019» қўмондонлик-штаб стратегик ўқувлари муваффақиятли якунланди ва иштирокчилар «Ғурумсарой» дала майдонига саф тортишди.
Тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида Мудофаа вазирлиги масъул офицери полковник Шавкат Мамажонов, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Лутфулло Бузруков, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳром Нурматов, вилоят ёшлари, фахрийлар ва Тожикистон Республикаси қуруқликдаги қўшинлар қўмондонининг биринчи ўринбосари генерал-майор Ихтиёр Охунзода Неъматулло сўзга чиқишди.
Мавзуга оид
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024
Тожикистонда Counter Strike ва GTA видеоўйинларини тақиқлаш таклиф қилинди
15:00 / 19.10.2024
Тожикистонда КХШТ машғулотларининг фаол босқичи бўлиб ўтмоқда
22:55 / 12.10.2024