Спорт | 10:20 / 09.10.2019
16603
6 дақиқада ўқилади

«Суарес, четга чиқ». «Барселона»ни қандай кучайтириш мумкин?

Яқинда «Барселона»нинг тактик муаммолари ва Мессига боғлиқлиги ҳақида «Қопқондаги Вальверде» сарлавҳали мақола берилганди. Қўйида эса, шунга яқин мазмунда, ижтимоий тармоқларда тарқалган мулоҳазалардан бирини ҳавола этилади.

«Аввало айтиш керакки, Луис Суарес ажойиб футболчи, дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай. Лекин бугунги «Барселона»да у асосий таркибда ўйнамаслиги керак. «Интер» билан ўйинда айнан у жамоага ғалаба олиб келган бўлса-да, бу фикр ўзгармайди.

«Барселона»нинг асосий кучи, асосий қуроли – албатта, Лионель Месси. Шу билан бирга, у жамоанинг асосий камчилиги ҳамдир. Бу муаммо асосан «Барселона» тўпсиз қолганида рўй беради – Месси одатда, бундай пайтларда шунчаки, пиёда юради ва ўйинни томоша қилади. Ҳа, шу тарзда у рақибнинг ҳаракатларини таҳлил қилади, уларнинг ожиз нуқталарини ахтаради, баҳолайди. Лекин рақиб жамоага ҳужумни бошлашга халақит бермайди. Деярли.

Йўқ, бу билан Месси орқага қайтиб, ҳимояланиши, тўпни олиб қўйиш учун тинмай югуриши керак, демоқчи эмасман, йўқ. У фаол тарзда рақибга прессинг қилиши ҳам шарт эмас. Шунчаки, доимо ҳаракатланиб, ҳеч бўлмаса, ҳимоячиларнинг олдинга пас бериш имкониятларини чеклаши, сал бўлса-да, халақит бериши ҳам мумкин эди. Лекин Месси шуни ҳам қилмайди. 

Биласизми, унга мумкин. Унинг даҳо экани, бошқа хислатлари тўпсиз ҳаракатланишдаги камчиликларини ёпа олади. Италияда ўтган 1990 йилги жаҳон чемпионати финалида Аргентина терма жамоаси устози Карлос Билардо Марадонага фақат рақиб майдонида қолишни, марказдан орқага қайтмасликни айтган экан. Чунки Марадона айнан тўп билан зарур эди, унинг орқасидан юриб куч йўқотиш Аргентина учун зарар бўларди. Марадона майдонда доим тетик бўлиши, керак бўлганда ўша керакли сеҳрни амалга ошириши кифоя эди. Бу аниқ ўйланган ва жуда самарали режа эканига шубҳа йўқ. Мессининг «Барселона»даги роли ҳам айнан шунга ўхшаш деб бемалол айтса бўлади.

Аммо муаммо шундаки, Луис Суарес ҳам худди шундай ўйнашни бошлади. Аслида эса, ҳужумчи рақиб ҳимоячиларига босим ўтказишга жуда уста, биз буни «Барселона»даги илк мавсумлардан, шунингдек, «Ливерпуль», Уругвай терма жамоасидаги ўйинлари орқали жуда яхши биламиз. Бу ерда икки вариант бор, ё у ҳам Мессига қараб, дангасалик қилмоқда ёки бир ўзи олдинги чизиқда ҳаракатланишни самарасиз деб баҳолаяпти ва бундан маъно кўрмаяпти.

Натижада, «Барселона» тўпсиз қолганда, деярли тўққиз киши бўлиб ўйнашга мажбур бўлиб қолмоқда. Бугунги замонавий футбол учун имконсиз бўлган ҳолат. Ўтган мавсумнинг энг яхши жамоалари – «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Аякс» ва «Тоттенҳэм» шуни кўрсатдиларки, жамоавий ҳаракатланиш, синхронлик ва ҳар бир ўйинчининг ҳар бир нуқтадаги фаоллиги эвазига ҳар қандай ўйинни ўз фойдасига ҳал қилиш мумкин. Ҳатто футболчиларнинг савияси ҳам аҳамият касб этмай қолади.

«Барселона»нинг бу борадаги муаммоларини Ракитич, Артур, Роберто каби «қора ишчилар» яширишар, тўп билан эса, Месси, Суарес, Бускетс, Альба кабиларнинг ажойиб ҳаракатлари вазиятни ўз фойдасига ҳал қилиш учун баъзида етарли бўларди. Бу умуман олганда. Лекин 2019 йилда турган эканмиз, бу билан энг юқори натижалардан умид қилиш қийин. Агар таркибда битта шундай футболчи бўлса, балки ҳал қилса бўлар, аммо икки киши – катта риск.

Гризманнинг келиши бу йўналишда жуда катта плюс. Балки ушбу футболчининг трансферида айнан шу мақсад яширингандир. У ҳозирдан Месси ва Суарес учун барча ҳаракатларни амалга оширяпти, лекин икки киши учун ўйнаш кўпинча имконсиз ва самарасиз бўлиб қолаверади. Шунинг учун Месси ё Суаресдан бири асосий таркибда тушмаслиги керак. Уларнинг ўрнига эса, тўпсиз ҳам тинмай ҳаракатлана оладиган бошқа футболчи тушиши зарур. Тўғри, ҳозирги таркибдан бундай футболчини топиш ҳам осон эмас, Перес ва Фати ёш, Дембеле эса, яна бир дангаса.

Аммо нима бўлгандаям, Суарес захира ўриндиғига ўтириши лозим. Шундагина Гризманн ҳам ўзи учун қийин бўлган чап қанотда эмас, қулай позицияда, марказда ўйнайди, Мессининг пиёда юриши ҳам зарарсизлантирилади.  

Луис Суарес эса, гол уриш керак бўлганда, ташаббусни «Барселона» қўлга олган ўйин давомида таркибга қўшилиши мумкин. Ўшанда унинг савияси жамоага жуда керак бўлади. Бундай шароитда унинг тетиклиги ва юқори даражадаги ҳужумчи экани рақибни ўлдиради.

Умуман олганда, Суареснинг ўзи ҳам таркибда ҳаракат қилиб, жамоанинг тўпсиз ўйинини кучайтириши мумкин. Масалан, Мессидан эмас, Гризманндан ўрнак олиб ўйнаса. Юқорида айтганимиздек, Суарес бунга қодир ва ўз вақтида ажойиб шаклда амалга оширарди. Аммо буни жуда истаганимиз билан, ишонишимиз қийин».

Мавзуга оид