«Сайёранинг энг бахтсиз одамлари» — Бурунди ҳақида фактлар
Замонамизнинг энг қашшоқ ва ривожланишдан ортда қолган давлатларидан бири бўлган Бурунди Республикаси Марказий ва Шарқий Африканинг Буюк кўллар ҳудудида жойлашган.
Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган ва қурғоқчилик ҳукм сурувчи бу мамлакат Танзания, Руанда ва Конго билан чегарадош. Бу ерда ажабланишга сабаб бўлувчи ҳеч қандай табиий бойликлар ҳам, табиат инъомлари ҳам йўқ. Қачонлардир бор бўлганлари инсон омили натижасида бой берилган. Аҳолиси — 12 млн киши. Асосий халқи — хуту, тутси, лингала ва тва.
Тарихи
Европанинг миссионерлари бу ерларга илк марта XIX асрнинг сўнгги йилларида кириб борган бўлса, у вақтгача Бурунди мустақиллик қироллик сифатида қарийб 200 йил давомида мавжуд бўлган. Аммо ХХ аср бошларида бу ҳудуд Германия томонидан колонияга айлантирилади, Биринчи жаҳон урушидан кейин эса Бельгия қўлига ўтади. Мустамлакачилар ушбу мамлакатни қўшни Руанда билан ягона қарам ўлка сифатида бирлаштиришга кўп уринишади. Давлат 1962 йилда мустақилликни қўлга киритганда дастлаб монархия сифатида бошқарилади, аммо тўнтаришлар, зўравонликлар ва минтақавий номутаносиблик 1966 йилда якка партияли республика шаклланишига олиб келади. Ўтган асрнинг етмишинчи ва тўқсонинчи йилларда фуқаролар уруши ва геноцид рўй берган.
Француз тили расмий мақомга эга, аммо амалиётда жуда кам сонли одам бу тилда гапира олади. Шунингдек, тил бу ерда кучли ўзгаришларга учраган, ҳақиқий французларнинг ўз тилини маҳаллий аҳоли талаффузида тушуниб олиши осон бўлмайди.
Қашшоқлик, инфраструктуранинг ёмонлиги, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими чекланганлиги, тўйиб овқатланмаслик, сиёсий беқарорлик ва ишсизлик бурундиликлар дуч келадиган асосий муаммолар ҳисобланади. Маҳаллий аҳолининг ярмидан кўпи мутлақ қашшоқликда яшаб келмоқда. 2018 йилда Жаҳон бахт ҳисоботига кўра, Бурунди аҳолиси сайёрамизнинг энг бахтсиз одамлари деб тан олинган.
Фактлар
Пойтахт Бужумбурадан Гитегага кўчирилган
2019 йил январь ойида Бурунди парламенти урбанизация ва инфратузилмани ривожлантириш мақсадида пойтахтни Бужумбура шаҳридан Гитегага кўчириш учун овоз берди. Бужумбура мустақилликка эришилган даврдан бери пойтахт бўлиб келган. Пойтахтни ўзгартириш ҳақида биринчи марта 2007 йилда президент Пьер Нкурунзиза таклиф киритганди. Маълумот учун, Бужумбура сўзи «картошка сотилувчи бозор» таржимасини беради.
Давлат бюджетининг деярли 6 фоизи мудофаа учун сарфланади. Ҳукумат буни минтақадаги вазият беқарорлиги билан изоҳлайди.
Бурунди ер остида фойдали қазилмалари оз эмас, масалан сайёрамиздаги никел захирасининг 5 фоизга яқини шу ерда ётибди. Аммо уларнинг ҳеч бири қазиб олинмайди. Мамлакат ҳалигача қаҳва экспорти билан кун кўришга ҳаракат қилмоқда ва қишлоқ хўжалигидаги яроқли ерларнинг катта қисмидан шу мақсадда фойдаланилади.
Мамлакатда 100 нафарга яқин шифокор бор. Деярли шу каби аҳоли зичлигига эга ва қашшоқ мамлакатлардан бири бўлган Гаитида ҳам тиббиёт соҳаси ходимлари сони 4 баробар кўп.
Бурундида темир йўллар мавжуд эмас. Асфальтланган йўллар ҳам кўп эмас. Мобил алоқадан аҳолининг 2 фоизи фойдалана олади, холос.
Густав — одамхўр тимсоҳ
Густав — Бурундида яшовчи улкан тимсоҳ. У дунёдаги энг йирик тимсоҳ ҳисобланади. Сўнгги йилларда Рузизи дарёси ва Танганьика кўлининг шимолий қирғоғи атрофида 200-300 нафар атрофида одам қурбон бўлгани учун ҳам у анча машҳур. «Қотил» ҳалигача тутилмаган. 2000 йил ўрталарида тимсоҳ ўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалганди, аммо National Geographic Channel'нинг 2008 йилги экспедицияларида унга дуч келишган.
Аҳолининг юқори зичлиги
Бурунди Республикаси катта бўлмаган майдонни эгалласа ҳам, унинг аҳолиси зич. Гавайи штати ҳудуди билан таққослаганда, бу ерда одамлар 8 баробар кўп! Аҳолининг зичлиги юқори даражада ортиши қишлоқ хўжалиги учун катта муаммо туғдиряпти, чунки бўш ерлар камайиб бормоқда.
Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда Бурунди иммиграцияси дунёдаги энг юқори даражани қайд этмоқда. Аксарият бурундиликлар қаерда бўлсада яхши ҳаёт истаб ўз ватанлари чегарасини тарк этишмоқда, шунинг учун аҳолининг зичлиги янада ошиши кузатилмаяпти.
Очлик
Аксарият бурундиликлар ўсимлик илдиз мевалари ва крахмалли донлар билан озиқланади. Маккажўхори асосий озиқ манбаидир. Аҳолининг 85 фоизини ташкил этган хуту халқи ўзининг анъаналарига мувофиқ тарзда ўсимликлар билан озиқланади. Аҳоли чорвачилик билан шуғулланмаслиги оқибатида мамлакат очлик ва рационда оқсил етишмаслигидан азият чекмоқда.
Қорамол боқиш ўзига тўқликдан дарак беради
Сигир эгалари ўзларининг ҳайвонларини нафақат улар гўшт ва сут бергани учун, балки сигирлар анъанага кўра бойлик белгиси экани учун севади. Бурундида иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, ҳозирча қўлида сигири борми, у бой киши. Моллар сони қанча кўп бўлса, ижтимоий мавқе ҳам кўтарилиб боради.
Ubumwe, Ibikorwa, Iterambere
Ubumwe, Ibikorwa, Iterambere — миллий шиор, «Бирлик. Меҳнат. Тараққиёт» маъносида таржима қилинади. Бироқ сўнгги даврда мамлакатда на бирлик, на етарли иш ўрни ва на тараққиёт пайдо бўлди.