Ўзбекистон | 20:20 / 07.11.2019
33319
1 дақиқада ўқилади

Сенатор Светлана Ортиқованинг ваколати муддати тугатилди. У энди бош прокурор ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги Фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Светлана Боймирзаевна Ортиқованинг ваколати муддатидан аввал тугатилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати маълум қилди.

Президентнинг яна бир фармонига асосан Светлана Ортиқова Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари лавозимига тайинланди.

Светлана Ортиқова 1962 йили Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. 1987 йили ҳозирги Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича ҳуқуқшунос, 1993 йилдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида турли лавозимларда ишлаган. 

У 2010-2014 йиллари Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси вазифасида фаолият кўрсатган, шунингдек, 2010 йилдан 2015 йилгача Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Светлана Ортиқова Сенатда 2015 йилдан буён Сенат раиси ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Мавзуга оид