Жамият | 22:30 / 15.11.2019
19705
3 дақиқада ўқилади

Қандай омиллар сабаб хусусий туғруқхоналар фаолиятига рухсат берилмоқда?

Фото: ТАСС

Ўтган ҳафта қабул қилинган президент қарорига асосан, Ўзбекистонда хусусий туғруқхоналар ташкил этишга рухсат бериладиган бўлди.

15 ноябрь куни шу мавзуда Адлия вазирлиги томонидан “Тараққиёт стратегияси” марказида ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур янгиликка қандай омиллар сабаб бўлгани ҳақида маълумот берилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Республикада хусусий туғруқхоналарни ташкил этилишига бир қанча омиллар сабаб бўлди. Аввало, давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида соғлом рақобат вужудга келади. Натижада ҳар иккаласидаги аҳвол яхшиланиб, бўлажак оналарга қатор қулайликлар яратилади. Иккинчидан, давлат бюджети юки камаяди. Халқ орасида ёхуд давлат туғруқ бўлимларида урфга кирган «суюнчи пули» билан боғлиқ оғриқли ҳолатларга оз бўлса-да, барҳам берилади.

Жаҳон тиббиёт тажрибасини кузатсак, туғруқни фақатгина давлат тиббиёт масканлари амалга оширадиган давлатлар ҳам бор. Шу билан бирга, кўплаб мамлакатларда хусусий тиббиёт муассасаларига мазкур жараён билан шуғулланишга қонуний руҳсат берилган», дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бош мутахассиси Наим Ҳамроев.

Наим Ҳамроев

Маълум қилинишича, туғруқни қабул қилиш билан шуғулланиш учун туғруқ бўлими, жонлантириш, чақалоқларни жонлантириш, муддатига етмай туғилган чақалоқларни парвариш қилиш, эндовизуал гинекология бўлимлари, поликлиника, бактериологик ва клиник-биокимё лабораториялари ҳамда юқори малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлиши талаб сифатида киритилмоқда.

«Хусусий туғруқхоналар ва ФҲДЁ органлари ўртасида туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашинуви дастурини доимий юритиш йўлга қўйилади. Агар ҳар бир туғруқ электрон рўйхатга олинмаса, чақалоққа туғилганлик тўғрисидаги маълумотнома ҳам, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳам берилмайди.

Хусусий тиббиёт муассасалар ўзларида амалга оширилган хизматларга нархларни белгилашда «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида» Қонун меъёрларига таянадилар. Яъни улар хизмат кўрсатиш нархини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга ҳақли.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, 2017 йил 1 апрелдаги президент қарорига асосан хусусий тиббиёт ташкилотларига аборт қилиш таъқиқланган», деди вазирлик раймийси.

Қайд этилишича, Ўзбекистон шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари қошида 191та туғруқ бўлимлари ҳамда 15та перинатал маркази фаолият юритмоқда.

Мавзуга оид