Жамият | 22:36 / 20.11.2019
7640
3 дақиқада ўқилади

Рўйхатга олиш билан аҳолининг муайян даврдаги «фотосурати» яратилади – Давстатқўм

Давлат статистика қўмитаси томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.

19 ноябрь куни ҳужжат муҳокамаси юзасидан «Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишнинг ҳуқуқий асослари» мавзусида семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳужжатни ишлаб чиқишда Европа статистиклари конференциясининг тамойиллари ва тавсияларидан асос сифатида фойдаланилган. Россия Федерацияси, Беларусь, Украина, Озарбайжон, Қирғизистон, Арманистон, Тожикистон, Молдова, Литва, Латвия, Буюк Британия ва бошқа давлатларнинг тажрибаси ўрганилган.

Семинарда таъкидланишича, «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни ҳар томонлама тизимга солишни таъминлайди ва мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги фотосуратини олиш имкони пайдо бўлади.

Жараёнда аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби (кам сонли аҳолиси бор миллатлар), маълумот даражаси, никоҳ ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақида маълумотлар йиғилади ва қайта ишланади. 

Шунингдек, рўйхат маълумотларни халқаро кўрсаткичлар билан таққослаш ва турли рейтингларда республиканинг муносиб ўрнини кўрсатишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси апрель ойида эълон қилинганди. Лойиҳа айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига учинчи ўқиш учун юборилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон ҳудудида аҳолини рўйхатга олиш илк марта 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ўшанда аҳоли сони 3,9 млн. кишини ташкил этган. Кенг миқёсли амалиёт охирги марта 1989 йилда ўтказилган ва ўшанда аҳоли сони 19,7 млн. кишини ташкил этган. 2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига жорий ҳисоб бўйича Ўзбекистон аҳолиси 33,7 млн. кишини ташкил этади.

Мустақиллик йилларидаги илк рўйхатга олиш тадбирлари 2022 йил кузига белгиланган. Айни жараёнда уйларнинг ҳам рўйхати тузилади.

Мавзуга оид