Жамият | 17:52 / 30.11.2019
16929
2 дақиқада ўқилади

 “Биз ОИТСга қаршимиз” марафони ўтказилди

30 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг “Миллий” стадионида “Биз ОИТСга қаршимиз” шиори остида юриш марафони бўлиб ўтди. Мазкур марафон 1 декарбь─ халқаро ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан ташкиллаштирилди.

300 нафардан ортиқ кўнгиллилар иштирок этган марафонда аҳоли ОИТСга қаршилик кайфиятини намойиш этган ҳолда юриш ва чиниқтириш машқларини оммавий бажаришди.

UNAIDS (БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича дастури) маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 37 млн аҳолида ОИВ инфекцияси аниқланган. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2019 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра 42,098 нафарни ташкил этади.

Ҳар йили анъанавий равишда 1 декабрь санаси ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Бу бутун дунё ҳамжамиятининг эътиборини мазкур глобал муаммо ва унинг ечимларига қаратиш, ОИТСдан ҳимояланиш учун хабардорликни ошириш, беморларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилади. 2019 йилда мазкур сана “Ҳамжамият ўзгаришларга эришмоқда” шиори остида ўтказилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ОИВ вирусига қарши дори-дармонларнинг 50 фоизи давлат бюджетидан қопланади. Шунингдек, 2018 йилда ОИТС билан ёндош кечувчи касалликларни даволаш учун дори воситаларига 811 млн, бемор онадан туғилган болаларга қуруқ сут аралашмаларини харид қилиш учун 3 млрд сўм маблағ ажратилган.

Марафон доирасида иштирокчиларга ОИТС касаллиги, ундан ҳимояланиш бўйича ахборот берилди, маълумотнома-бюллетенлар тарқатилди.

Мавзуга оид