Спорт | 18:25 / 10.12.2019
34434
9 дақиқада ўқилади

«Ливерпуль» хавф остида. Чемпионлар лигасидаги сўнгги интригалар

Бугун Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида сўнгги тур ўйинлари бошланади. Якуний тур арафасида гуруҳларда қандай интригалар мавжуд?

Биринчи ўринни эгаллаб ҳам «Реал»га рақиб бўлиш мумкин

Айни вақтда ЕЧЛ нимчорак финалида иштирок этадиган 16 жамоадан 8тасининг номи маълум бўлиб улгурган ва бу бахтли жамоалардан фақат «Лейпциг» гуруҳни қайси ўринда якунлашини билмайди. Мантиқан ҳисобланса, немислар жамоаси гуруҳда биринчи ўринда қолиши ҳақиқатга яқин, бу эса жамоага 16 декабрь куни ўтказиладиган қуръа ташлаш маросимида сараланганлар саватчасида бўлиш имконини беради.

Айни вақтда биринчи ўринни эгаллаш жамоани «Барселона», «Бавария», «Манчестер Сити», «ПСЖ» ва «Ювентус»га рақиб бўлишдан қутқаради. Аммо гуруҳдан биринчи ўрин билан чиққан жамоалардан қайси биригадир («ПСЖ»дан ташқари) плей-оффида гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиққан «Реал» ёки Жозе Моуриньо келгач яна ўйинини топиб олган «Тоттенҳэм» рўбару бўлади. Бугунги ўйинлар натижасига кўра, ЕЧЛнинг амалдаги ғолиби «Ливерпуль» ҳам гуруҳда иккинчи бўлиши мумкин. 

8та ўринга 13 даъвогар

А гуруҳи

11 декабрь: Брюгге — Реал (01:00 Тошкент вақти), ПСЖ — Галатасарой (01:00 Тошкент вақти).

Бу гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринлар «ПСЖ» ва «Реал» томонидан эгаллаб бўлинган. «Брюгге» агар бу турда «Галатасарой»дан ёмонроқ ўйнамаса, Европа Лигасига йўлланма олади.

В гуруҳи

10 декабрь: Бавария — Тоттенҳэм (01:00 Тошкент вақти), Олимпиакос — Црвена Звезда (01:00 Тошкент вақти).

«Бавария» биринчи, «Тоттенҳэм» — иккинчи. «Црвена Звезда» еврокубоклардаги иштирокини давом эттириш учун Пиреяда «Олимпиакос»га ютқазмаслиги талаб этилади.

С гуруҳи

11 декабрь: Шахтёр — Аталанта (22:55 Тошкент вақти), Динамо З — Манчестер Сити (22:55 Тошкент вақти).

«Манчестер Сити» биринчи ўринни кафолатлаб бўлган, иккинчи йўлланма учун қолган уч жамоа даъвогар. Ҳозирги иккинчи ўринни сақлаб қолиш учун «Шахтёр» ёки ўз майдонида «Аталанта»ни енгиши, ёки дуранг ўйнаган ҳолатда Загребнинг «Динамо» клуби «Манчестер Сити»га қарши ўйинда 3 очко ололмаслигидан умид қилиши керак бўлади.

Хорватия жамоаси 1/8 финалга чиқиши учун Харьковда дурангда бўлиши керак. Энг кам имконият «Аталанта»да. Итальянлар «шахтёрлар»ни енгиши ва «Динамо» ғалаба қозона олмаслигини кутиши керак.

D гуруҳи

11 декабрь: Атлетико — Локомотив (01:00 Тошкент вақти), Байер — Ювентус (01:00 Тошкент вақти).

«Ювентус»ни ҳеч ким биринчи ўриндан тушириб юбора олмайди, иккинчи йўлланма учун кураш «Атлетико» ва «Байер» ўртасида кечади. Диего Симеоне жамоасига шунчаки «Локомотив» устидан ғалаба қозониш етарли бўлади. Агар мадридликлар ўз ўйинида ғалаба қозона олмаса, Леверкузенда немислар «Ювентус»дан устун келмаслигига умид қилиши керак бўлади. Очколар тенг келса ўзаро ўйинлардаги устунлик «матрасчилар» фойдасига бўлади. «Локомотив» эса ҳар қандай вазиятда ҳам учинчи ўриндан юқорига кўтарила олмайди, чунки Юрий Сёмин шогирдлари «Байер»га ўзаро учрашувлар натижасига кўра ютқазишади (2:1, 0:2).

Е гуруҳи

10 декабрь: Наполи — Генк (22:55 Тошкент вақти), Зальцбург — Ливерпуль (22:55 Тошкент вақти).

«Ливерпуль» бир йил олдин бўлгани каби ўз тақдирини сўнгги турда ҳал қилади, Юрген Клопп жамоасини ҳеч нарсадан тап тортмайдиган «Зальцбург»га қарши сафар учрашуви кутмоқда. «Энфилд»да қизиллар 4:3 ҳисобида ғалаба қозонишганди, ҳозир эса Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолибига Австрияда очко керак.

Мағлубият «Ливерпуль»ни учинчи ўринга тушириб юбориши мумкин. Албатта 4:5 ёки 5:6 ҳисобидаги мағлубият инглизларни қониқтиради ва бу ҳолда сафардаги голлар сони туфайли улар мезбонлардан икки учрашув натижасига кўра ўзиб кетишади. Шунингдек, «Наполи» аутсайдер «Генк»дан мағлуб бўлиши ҳам мерсисайдликларни қутқариб қолиши мумкин.

Агар уч жамоа ҳам бир хилда очко тўпласа,  неаполитанликларда ўзаро учрашувларга кўра энг яхши натижа бўлади. Карло Анчелотти жамоасини ўз уйида ютқазмасликнинг ўзи қониқтиради. Аммо жамоа мағлуб бўлса ҳам 1/8 финалга чиқиши мумкин, агар «Зальцбург» ўз уйида ғалаба қозона олмаса.

F гуруҳи

10 декабрь: Боруссия — Славия (22:55 Тошкент вақти), Барселона — Интер (22:55 Тошкент вақти).

«Барселона» биринчи ўрин масаласини ҳал қилган ва сўнгги турда бошқаларнинг тақдирини ҳал қилади. Мессисиз ҳаракатланадиган каталонлар Миланда мағлуб бўлишса, «Интер»ни ўзлари билан 1/8 финалга олиб чиқишади. «Боруссия»дан талаб қилинадиган иш - Антонио Конте жамоасидан ёмонроқ ўйнамаслик, дортмундликлар очколар тенг келиб қолса, ўзаро учрашувлар натижасига кўра итальянларга ютқазишади.

G гуруҳи

10 декабрь: Бенфика — Зенит (01:00 Тошкент вақти), Лион — Лейпциг (01:00 Тошкент вақти).

Энг чалкаш ҳолат G гуруҳида юзага келган. Бу ерда уч жамоа бир хил – 10тадан очкога эга бўлиши ҳам, ёки уч жамоа 7 тадан очко тўплаб қолиши ҳам мумкин. Ҳар қандай ҳолатда «Лейпциг» гуруҳ масаласини ҳал қилди – сўнгги турда Францияда мағлуб бўлган тақдирда ҳам, агар уч жамоада 10тадан очко бўлиб қолса, немислар ўзаро ўйинлардаги устунлик туфайли гуруҳ ғолиби бўлиб қолаверади.

«Бенфика» эса, аксинча, сўнгги турда «Зенит»ни ютган тақдирда ҳам, 2-ўринга чиқиб ололмайди. Ўзаро ўйинларда португалияликлар «Зенит»дан устун бўлишган тақдирда ҳам, «Лион»ни ҳам ортда қолдириш вазифаси турибди.

Хуллас, иккинчи йўлланма учун асосан «Зенит» ва «Лион» кураш олиб боради. Ўзаро ўйинлардаги устунлик туфайли «Зенит» ҳозир 2-ўринда турибди. Энди руслар кейинги босқичга чиқиши учун сўнгги турда «Лион»дан кам очко жамғаришмаса кифоя.

Н гуруҳи

10 декабрь: Челси — Лилль (01:00 Тошкент вақти), Аякс — Валенсия (01:00 Тошкент вақти).

Бу ерда фақат «Лилль» ҳеч нарсага даъвогарлик қилмайди, натижалар қандай кўриниш олиши «Аякс» ва «Челси»нинг ўз қўлида. Лондонликлар шунчаки ўз уйида французларни енгиши кифоя қилади. Агар Лондонда дуранг қайд этилса, плей-оффга чиқиш учун инглизлар «Валенсия» Амстердамда мағлуб бўлишига умид қилиши керак бўлади.

Иккинчи йўлланма эгаси эса Амстердамда аниқланади. «Аякс» ўз майдонида «Валенсия»ни қабул қилади. Нидерландияликлар ғалаба қозонишса, 13 очко билан гуруҳни пешқадам сифатида якунлайди. Дуранг «Аякс»ни камида 2-ўрин билан плей-офф иштирокчисига айлантиради. Мағлуб бўлинса эса инглизлар ғалаба қозонмаслигини кутиш керак бўлади.

«Валенсия»ни эса, фақат ғалаба қониқтиради. Испанлар бу ўйинда ғалаба қозонишса, нафақат йўлланма, гуруҳ пешқадамлигини ҳам қўлга киритади. Чунки «Челси» билан таққослаганда, ўзаро ўйинларда «Валенсия» устунликка эга.

Демак, йўлланма учун «Челси» «Лилль»ни ютиши керак, «Валенсия» сафарда «Аякс»ни ютиши шарт, «Аякс»ни эса, сўнгги турда дуранг ҳам қониқтиради.

Мавзуга оид